ИСТИҚЛОЛ ПОСБОНЛАРИ
14 январь куни туман ҳокимлигининг мажлислар залида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда «Ватан ҳимоячилари куни»га бағишланган тантанали маросим бўлди.
Дастлаб маросимда туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Муҳаммадаюбхўжа Апақов табрик нутқи сўзлаб, истиқлолнинг илк йиллариданоқ мамлакатимиз мудофаасини таъминлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгилангани, ўтган давр мобайнида ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли юртимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, ҳаракатчан, замонавий талабларга жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга армиямиз шаклланганлигини эътироф этди. Йиғилганларни байрам билан қутлаб, ҳарбийлардан бир гуруҳига туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқларини топширди.
Туман маданият бўлими санъаткорлари, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби истеъдод ғунчалари, 35-мактабнинг махсус ҳарбий синфи ўқувчилари томонидан тайёрланган байрам концерт дастури аввалгиларидан тубдан фарқ қилиб, барчага кўтаринки кайфият ва хушнудлик бағишлади. Ўзбекистон МК «Ватанпарвар» ташкилоти туман ЎСТКнинг картингчилари, Уйчи маиший хизмат, Ғайрат педагогика, Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, 1-БЎСМнинг белбоғли кураш тўгараги аъзоларининг иштироки, ёш мусаввирларнинг кўргазмалари байрамга ўзгача шукуҳ киритди.
Шу куни туманимиз ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, сектор раҳбарлари, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Ҳамроқул Шукриллоев, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, ЎзМТДП туман кенгашлари вакиллари туманимиздаги ҳарбий қисмда бўлишди.
Туманимиз раҳбари бу ерда хизматни ўтаётган ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини байрам билан табриклаб, илғорлардан бир гуруҳига туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғаларини топширди.
Бирлашган маданият маркази қошидаги «Бирлашган наволари» бадиий ҳаваскорлик жамоаси хонандаси Маҳмуджон Ўринбоев маданий хизмат кўрсатди.
Умиджон СУЛТОНОВ.

