ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ТАЪМИНЛАНАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига 2018 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2019 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномасини халқимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олди.

Ўзбекистон Республикасида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган одил судлов тизимини яратиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятини такомиллаштириш борасидаги ишларда намоён бўлмоқда.

Муҳтарам Президентимиз бу каби масалаларга алоҳида тўхталиб, эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритдилар. Жумладан, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш, ягона суд амалиётини йўлга қўйиш, айрим тоифадаги оғир жиноятларнинг Олий суд судьялари томонидан кўриладиган ягона суд амалиётини шакллантириш лозимлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари ҳуқуқбузарликка қарши кураш бўйича ҳар қайси ҳудуд ўз тажрибасини яратиши кераклигини қайд этди. Тизимда эски ва самарасиз бошқарув усулидан воз кечиш, «Маҳалла посбони» лавозимини тугатиш, унинг ўрнига профилактика инспекторининг ҳуқуқий масалалар бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш таклифи илгари сурилди.

Президентимиз ўз Мурожаатида жиноят қонунчилигини янада такомиллаштириш ва либераллаштириш масалаларига тўхталар экан, амалдаги Жиноят ва Жиноят процессуал кодекслари қарийб 25 йил олдин қабул қилинганини эслатиб ўтди. Ўтган даврда ҳаёт ўзгаргани, жамиятдаги муносабатлар, одамларнинг яшаш тарзи, онги, дунёқараши ўзгаргани нуқтаи назаридан бу кодекслар бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги қайд этилди.

Фарҳод ШАРИПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси.