ЙИЛ САРҲИСОБИ

Туман давлат солиқ инспекцияси ташаббуси билан «Мустақиллик» боғидаги «Боғи Эрам» мажмуасида 2018 йил якунларига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, ўтган йили 5 млрд. 600 миллион сўм маҳаллий солиқларнинг ундирилиши режалаштирилган бўлиб, бу 6 млрд. 400 миллион сўмга бажарилиши ва туман маҳаллий бюджетининг бойитилишига эришилди. Бунда туман ДСИ профилактика бўлими ходимлари, туман ИИБ профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаолларининг алоҳида хизматлари бор.

Мажмуага соҳа фидойилари таклиф этилиб, эҳтиром кўрсатилди. Туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Муҳаммадаюбхўжа Апақов, вилоят ДСБ профилактика бўлими бошлиғи Нуриддин Алимовлар самимий тилаклар билдириб, меҳнатда намуна бўлган бир гуруҳ илғорларга «Ташаккурнома» ҳамда эсдалик совғаларини топширдилар. Жумладан, Обод МФЙ (раиси Ғиёсиддин Сайдуллаев) биринчи, Чўртук МФЙ (раиси Акрамжон Ибрагимов) иккинчи, Муборак МФЙ (раиси Тоҳиржон Холмирзаев) учинчи ўринларни қўлга киритишди ва бу жамоаларга қимматбаҳо совғалар тақдим қилинди.

Шунингдек, вилоят давлат солиқ бошқармасининг «Ташаккурномаси» билан туман ДСИ бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Йигиталиев, ўринбосари Мусохон Қодиров, кадрлар билан ишлаш мутахассиси Азимжон Сатторов, профилактика бўлими бош инспектори Содиқжон Маҳамов, солиқ қарздорлиги билан ишлаш бўлими катта инспектори Ойбек Каримовлар тақдирландилар.

Туманимиз солиқ тизимида кўп йиллар самарали фаолият кўрсатган Раҳимжон Мирзаев нафақага чиқиши муносабати билан муборакбод этилди.

Тадбир ниҳоясида Баҳромжон Орзибоев раҳбарлигидаги 4-сектор ва туман ДСИ жамоаси фаолиятига муваффақиятлар тиланиб, туман ҳокимлигининг совғаси топширилди.

Туман маданият бўлими қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари ижросидаги дилбар қўшиқлар барчани рақсга чорлади.