ДАРОМАДЛАР ҲАЖМИ ОРТАДИ
Юртбошимиз томонидан Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамда Президентимизнинг ҳудудларга ташрифлари давомида берилган топшириқлари асосида 2019 йил учун солиқ ва бюджет сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари ва туман бюджети лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Туманимизнинг 2018 йил маҳаллий бюджетининг даромадлар қисми 62 млрд. 19 млн. сўм миқдорида белгиланган бўлиб, йилнинг якуни билан режа 73 млрд. 633,4 млн. сўмга ёки режага 11 млрд. 619 млн. сўм қўшимча маблағ ундирилиши билан якунланди. Бу эса 2017 йилга нисбатан 14,8 млрд. сўмга ёки 125 фоизга ўсиш дегани.
Маҳаллий бюджетга даромад тушумлари прогноз кўрсаткичларининг ошириб бажарилиши маҳаллий ҳокимият органларининг маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришдаги эркинлигини ошириш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш бўйича белгиланган тадбирлар натижасида 2018 йил бошида боқиманда солиқ қарзи 3,8 млрд. сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 2,1 млрд. сўмга камайди. 1 декабрь ҳолатига 1,7 млрд. сўмни ташкил қилди. 2018 йилда жойлардаги ҳокимиятларнинг бюджет ваколатлари сезиларли даражада оширилди.
Бюджет даромадларини кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар натижасида маҳаллий бюджет харажатлари йил якунлари билан 128,5 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 137,2 фоизга ошди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сонли Фармони билан тасдиқланган солиқ сиёсатини такомиллаштириш Концепциясининг асосий йўналишлари доирасида:
-биринчидан, иш ҳақи фондига солиқ юки қуйидагича камайтирилмоқда. Бунда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ягона ставкасининг 12 фоиз миқдорида ўрнатилиши ва фуқаролар мажбурий суғурта бадалларининг (иш ҳақидан 8 фоиз) бекор қилиниши натижасида қўлга тегадиган иш ҳақи миқдори ўртача 6,5 фоизга ошади.
-иккинчидан, давлат мақсадли жамғармаларига айланмадан ундириладиган 3,2 фоизли мажбурий ажратмалар бекор қилинмоқда.
-учинчидан, юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкалари 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун – 22 фоиздан 20 фоизгача, дивиденд ва фоиз кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбасидан солиқ – 10 фоиздан 5 фоизгача, юридик шахслар мол-мулк солиғи – 5 фоиздан 2 фоизгача пасайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 августдаги «Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3917-сонли қарорида Давлат бюджети ижросининг янада шаффофлигини таъминлашнинг аниқ йўл харитаси белгилаб берилганлиги хорижий экспертлар томонидан ҳам эътироф этилди.
Унга кўра:
-2019 йилдан бошлаб бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар иштирокининг туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш;
-2020 йилдан бошлаб Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлар батафсил баён этилган, илғор халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланган қонун билан тасдиқланиши;
-Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари лойиҳалари ҳамда уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашри жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилиниши;
-Молия вазирлигида 2019 йил 1 январдан «Очиқ бюджет»ахборот порталининг ишга туширилиши каби тадбирлар белгиланган.
Шуни айтиб ўтиш лозимки, 2019 йил Давлат бюджетининг шаклланишидан бошлаб унинг ижроси ва ҳисоботигача бўлган жараён тўлиқлигича очиқлик ва шаффофлик асосида амалга оширилади. Яқинда аҳолига қулай тарзда иқтисодий терминлардан имкон қадар кам фойдаланган ҳолда турли хил таҳлиллар ва мисоллар ёрдамида «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашри чоп этилди ва кенг оммага тақдим қилинди.
Бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш мақсадида юқори бюджетдан қуйи бюджетга босқичма-босқич маҳаллий аҳамиятга молик харажатларни молиялаштириш ваколатини бериш, 2021 йилдан бошлаб эса маҳаллий бюджетга қолдириладиган солиқлар бўйича ажратмалар нормативларини бирхиллаштириш ва ўрнатилган нормативларни даромадларнинг база йилидаги ижроси натижасидан қатъи назар, 3 йилга бириктириш (пасайтириш ҳуқуқисиз) кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, 2019 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий нафақалар миқдорини ҳар ярим йилда ўтган даврдаги инфляция даражасидан паст бўлмаган миқдорларда ошириш белгиланганди ва ҳ.к.
Асосий эътибор шу пайтгача ойлик ўсиш суръатлари паст бўлган баъзи бир тоифадаги ижтимоий соҳа ходимларига, жумладан, тиббиёт ходимлари, ягона тариф сеткасининг энг паст разрядлари бўйича меҳнатига ҳақ тўланадиган ходимларнинг, умумтаълим, олий таълим ва фан муассасалари ходимлари иш ҳақларини оширишга қаратилиб, ушбу тадбирлар учун бюджет параметрларида етарли маблағлар назарда тутилмоқда.
Дилмурод НУРМАТОВ,
туман ҳокимлигининг молия бўлими мудири.

