ГАП БЎЙДА ЭМАС…

Жаҳонгир Солиев туманимизнинг Файзиобод маҳалласидаги зиёли оилада туғилиб, вояга етган. Отаси Тошпўлат ака кўп йиллар 11-мактаб директори, нафақага чиққач, маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлаган. Ҳозир ҳам тиним билмайди. Маҳалланинг энг фаолларидан. Онаси Замирахон опа ҳам педагог. Улар тўрт ўғил ва бир қизни оқ ювиб, оқ тараб, комил инсонлар этиб тарбиялашди.

Тошпўлат ака қатъиятли, тартиб-интизомни хуш кўрадиган, иродали, юксак маънавиятли инсон. Кўп китоб ўқийди, доимо изланади. Ундаги бундай юксак фазилатлар фарзандларига ҳам кўчган экан. «Ватан ҳимоячилари куни» арафасида 27-мактабда ўтказилган учрашувда бунга шоҳид бўлдим. Ўғли, айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм взвод командири, моддий таъминот ёрдамчиси Жаҳонгир Солиев ўқувчиларга ўз ҳаёти, тажрибасидан сўзлаб берар экан, аввало, 27-мактабда ўқиб юрган кезларини ёдга олди.

-Устозларимдан, ота-онамдан бир умр миннатдорман, -дейди Жаҳонгир. -Улар бизга тўғри йўлни кўрсатишди. Жисмонан чиниқиб, билим олишимиз учун бор меҳрларини беришди. Бир нарсани айтиб қўяй: гап фақат бўйда эмас, ақл-идрок, маҳорат ва аввало, Ватанга садоқатда.

Учрашув давомида Жаҳонгир жуссаси кичик бўлса-да, доимо чиниқиб, ўқиб-ўргангани, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ҳарбийлар ҳаётидан, ўзининг мисолида жанговар тайёргарликлар ва унинг машаққатли томонларини қандай енгиб ўтгани ҳақида гапирди, саволларга жавоб қайтарди.

-Ўтган йили Жаҳонгир Солиев Юртбошимиз Фармонига кўра «Содиқ хизматлари учун»  медали билан тақдирланганди. Унинг бу ютуғи нафақат оиласидагилар, балки бутун маҳалла, мактабимиз жамоаси ва туманимиз аҳлини ҳам беҳад севинтирди, -дейди мактаб директори Ғофуржон Отавалиев. -Биз собиқ ўқувчимиз, Уйчимизнинг мард ва жасур ўғлони Жаҳонгир билан фахрланамиз. Сизлар ҳам маррани баландроқ олиб, интилинг, азиз ўқувчилар.

Тадбир ниҳоясида Жаҳонгир мактаб кутубхонасига китоблар совға қилди ва  илмсевар ёшлар сафи янада кенгайишини тилади.