МУҲИМ МАВЗУЛАРДА

Юртбошимиз томонидан видеоселекторда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежида «Никоҳ ва оила муносабатлари», «Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш» мавзуларида очиқ мулоқот ўтказилди.

Йиғилишни туман ҳокимининг ўринбосари Азамат Абдураҳмонов очди ва олиб борди. Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси А.Сафаев, вилоят прокуратураси бўлим прокурори А.Шакиров, Адлия вазирлиги ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси Х.Ибрагимовлар сўзга чиқдилар. Улар Конституцияда оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида эътироф этилганлиги, оила давлат ва жамият муҳофазасида эканлиги, никоҳ ва оилавий муносабатлардаги ишларни кўришда фуқаролик ишлари бўйича судлар зиммасига катта масъулият юклатилаётганлиги, судлар томонидан буни чуқур ҳис қилган ҳолда оила тўғрисидаги қонунчилик вазифаларидан келиб чиқиб, қонунда назарда тутилган ҳамда оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин, болалар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча чораларни кўришлари лозимлиги, бунда маҳалланинг ҳам роли алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

Шунингдек, маърузачилар Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасига биноан, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида тузилиши, никоҳнинг тегишли давлат органида қайд этилиши унинг вужудга келганлигини исботловчи бирдан-бир далил ҳисобланишини, ушбу Кодекснинг 37-моддасига мувофиқ эса никоҳ эр-хотиндан бирининг вафоти ёки улардан бири суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида тугашини, эр ва хотин ҳаётлигидаги никоҳ уларнинг бири ёки ҳар иккаласининг аризасига кўра никоҳдан ажратиш йўли билан тугатилиши мумкинлигини, зарур ҳолларда, агар буни муомалага лаёқатсиз эр ёки хотин манфаатлари ҳимояси тақозо этса, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза унинг васийси томонидан берилиши мумкинлиги ҳақида тушунчалар беришди.