2019 ЙИЛДАН ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА ҲУЖЖАТ ТОПШИРИШ ТАРТИБИ ЎЗГАРАДИ
Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш бўйича давлат хизмати 2019 йилдан бошлаб Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатлар топшириш хизматини 2019 йил 1 июлдан бошлаб туман (шаҳар)лардаги Давлат хизматлари марказлари орқали амалга ошириш вазифаси белгиланган.
Ҳозирда Давлат хизматлари агентлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа ваколатли вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда ҳукуматнинг тегишли қарор лойищасини ишлаб чиқиш ва бошқа зарур чоралар устида иш олиб бормоқда.
Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатлар Давлат хизматлари марказлари орқали топширилиши абитуриентларга Тошкент шаҳридаги ва Республиканинг исталган ҳудудида жойлашган олий таълим муассасасига ўзининг туманидан чиқмасдан туриб ҳужжат топшириш имконини яратади. Қолаверса, онлайн тарзда ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам ўқишга ҳужжат топшириш мумкин бўлади.
Авазбек БОБОМИРЗАЕВ,
туман Давлат хизматлари маркази бош мутахассиси.

