«МАҲАЛЛАДАН МАЪЛУМОТНОМА» ҚАНДАЙ ОЛИНАДИ?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5278-сонли Фармонига мувофиқ ҳамда давлат хизматларининг кўрсатилишида бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни янада бартараф этиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мазкур соҳадаги фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган. Қарорга асосан, давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлиги, шахснинг ишсизлиги ҳамда болани, ёлғиз шахсларни, пенсионерларни ва ногиронларни парвариш қилганлиги ҳақида тасдиқловчи ҳужжатларини, шунингдек, шахснинг тавсифномасини тақдим қилиш бўйича тартиб бекор қилинган.
Фуқароларга давлат хизматлари кўрсатилиши жараёнида ушбу турдаги ҳужжатларни олиш зарурияти туғилганда, давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мазкур маълумотларни тегишлича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги органларидан мустақил равишда, шу жумладан, идоралараро электрон ҳамкорлик орқали сўраб олиши белгиланган.
Бугунги кунда ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳаллалар) ва давлат хизматларини кўрсатишда иштирок этувчи қатор ваколатли давлат органлари, шу жумладан, туман ҳокимликлари, ички ишлар бошқармалари ва бўлимлари, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлимлари, туман Давлат солиқ инспекциялари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, мактабгача таълим бўлимлари, халқ таълими бўлимлари, банклар ва бошқа давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан мазкур қарор талаблари нотўғри талқин этилиб, фуқароларнинг юқорида кўрсатилган ҳужжатларни олиш учун Давлат хизматлари марказларига юбориш ҳолатлари жуда кўп кузатилмоқда.
Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг оворагарчилиги ва норозилигига, шу билан бирга, давлат органларига нисбатан салбий қарашига сабаб бўлмоқда.
Шу боис, Давлат хизматлари агентлиги Давлат хизматлари марказлари томонидан «маҳалладан маълумотнома» берилмаслигини расман эълон қилади. ДХМлар орқали авваллари Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган манзил-маълумот ахборотлари берилади. Мазкур ҳужжат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилган маълумотномадан тубдан фарқланади.
Ҳурматли фуқаролар! Агар давлат идоралари Сиздан яшаш жойидан маълумотномани тақдим этишни талаб этишса, Давлат хизматлари агентлигининг 1148 ҳамда Адлия вазирлигининг 1008 рақамли “Ишонч телефон”ларига мурожаат этишингизни сўраймиз.
Нодирбек ДАДАХОНОВ,
туман Давлат хизматлари маркази директори.

