МУТОЛААНИНГ ЎРНИ
Давлатимиз раҳбарининг мактабгача таълимга бераётган эътиборлари, яратилаётган шарт-шароитларни таърифлашга сўз ожиз. Болалар ҳаёти муҳофазаси, соғлом овқатлантириш, сифатли таълим-тарбияга алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳатто қамраб олинмаган болалар ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Уларга етти турдаги рангли-расмли китобларнинг тарқатилиши болажонлар учун янада қувонарли бўлди. Бу орқали оилада ҳам китобхонликка эътибор кучайди.
Мен ҳам бир она, бир тарбиячи сифатида болалар тарбиясида китобларнинг ўрни беқиёс, деб биламан. Чунки китоб қалбларга маърифат нурини сочувчи, тўғри йўлга етакловчи, таскин берувчи дўстдир. Барча эзгу фазилатлар, яхши хислатлар инсонга китобхонлик орқали сингади.
Мен фаолият олиб бораётган гуруҳимда «Жажжи кутубхона» ташкил этдим. Ота-оналарни кутубхонадан фойдаланишлари мумкинлигини тушунтирдим. Байрам тадбирларидан бирида барча болажонларга эртак китоблар совға қилдим. Кичкинтойларнинг юзидаги қувончдан дилингиз яйрайди. Ота-оналари, бобо-бувилари китобни ўқиб беришаётганини айтишганда, ўзим ҳам хурсанд бўламан. Ота-оналарга битта китоб билан чегараланиб қолмай, янги-янги китоблар олиб бериш кераклигини, болалар китобдаги воқеалардан ўрнак олишлари, барча яхши фазилатларни китоб ва китобхонлик орқали сингдириш мумкинлигини тушунтирдим.
Ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом, маънан етук инсон бўлиб етишишида ўз ҳиссамни қўшаётганлигимдан хурсандман. Балки шу болажонлар орасидан Алишер Навоий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Синодек буюк инсонлар етишиб чиқар. Буни жуда-жуда истар эдим. Ахир, уларни ҳам болаликдан тарбиялаб боришган-да. Улар ҳам болаликдан китоб билан дўст бўлишган.
Муаззам МИРЗАБОЕВА,
25-МТМ тарбиячиси.

