ИБРАТЛИ ҲИКОЯЛАР
Буюк рус ёзувчиси М.Горький: «Яхши китоб нақ байрамнинг ўзгинаси», -деган эди. Китоб инсонга ҳамиша садоқатли дўст, энг яхши маслаҳатгўйдир.
Яқинда китоб магазинидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, журналист Эркин Маликнинг «Дуо олган келинчак» китобини сотиб олдим. Китобдаги кичик ҳикояларни, пандномаларни ўқир экансиз, ҳаётни янада теранроқ англагандек бўласиз, хатоларингизни тушунасиз. Китобдаги «Гилос» ҳикоясида шундай дейилади: “Қўшни дала ҳовлидан Муҳсинанинг йиғи овози тез-тез келаверади. Мен Нуриллохондан бунинг сабабини сўрадим.
-Абдужалилнинг гилоси ранг олибди, бола шуни кўриб хархаша қиляпти.
-Шу холосми? Олиб беравермайсизми, келаси ҳафта у келгунча қушлар еб битиради.
-Менинг болам қуш эмас, эртага унинг жавоби бор.
-Ўзи расми қўшниникига ўтган шох қўшнига дейилган.
-Ўшанда ҳам эгаси рози бўлиб, айтса”.
Ҳа, Муҳсинани йиғлатган нарса ҳалол ва пок луқма экан.
Баъзан кўча-куйда кетаётган ота-оналар болаларини хурсанд қилиш учун эгилиб турган дарахт шохидаги мевалардан олишади. Болалари ўзбошимчалик билан олиб келган меваларини кўриб: “Қаердан олдинг?” -деб сўрашмайди. Дарвоқе, ушбу ҳикоядаги қизалоқ бор-йўғи 3 ёш бўлиб, отаси шу ёшдаёқ уни ҳалолликка ўргатяпти.
«Кўчада шайтон» деб номланган ҳикояда эса орамизда ёлғончи, олғир, сурбет одамлар ҳам борлигига ишора қилинади:
“Қаюмжон жума намозига шошарди. Рўпарасидаги одам унга кулиб келаверди. Ким ўзи бу одам? Эслай олмади.
-Раҳимжон, бормисиз, биродар?
-Қаюмжонман, -деди у сўраша туриб.
-Ҳазиллашманг. Қизимнинг қўшниси Раҳимжонга жуда ўхшар экансиз. Мушкулим осон бўлди, деб турувдим.
-Тинчликми? Балки ёрдамим тегар.
-Э, ўлманг, набираларимни кўргани қишлоқдан келсам эшик берк, улар қишлоққа кетиб қолишибди.
-Келишдан олдин хабарлашмабсиз-да. Ҳа, майли, ўзингиз қаердансиз?
-Анжандан. Э, Анжанда менинг ҳожи дўстларим бор, Маккатиллода топишганмиз.
Ҳожи экан-да!
-Шу десангиз, янги костюм кийиб, пулларим қолиб кетибди. Кетолмай турибман, келинг, мушк-анбар сепиб, сизни хушбўй қилиб қўяй.
Қаюмжоннинг миясига бир нарса гуп этиб урилди. Бу одам ҳожи бўлса, нега жума намози-нинг ташвишини қилмаяпти? Жума намози олдида булар арзимаган нарса-ку. У суҳбатдошига қаттиқ тикилди. Ҳалиги одам талмовсиради. Бу – одам кўринишидаги иблис. Икки қадам юриб, яна кўнгли бўлмади. Аллоҳ мени синаётган бўлса-чи? Ортига ўгирилди, ҳалиги одам йўқ”.
Ўзига ёлғончилик, мунофиқликни касб қилиб олган бундай инсонлар учун муборак куну, жойлар аҳамиятсиз. Аллоҳ ҳаммани шундай инсонлардан асрасин.
«Дуо олган келинчак» китобини сотиб олиб, жавонингизни бойитинг, уни яқинларингизга совға қилинг. Зеро, совғаларнинг энг яхшиси, албатта, китобдир.
ҚАРЗГА БЕРИЛГАН МЕҲР
Тишим оғриб, шифокор кўригига бордим. Навбатим келишига анча бор. Биров ҳозиргина танишган кишисига дардини айтади, биров оғриқли иякларини ушлаб, “уф” тортади. Навбати келган ёш аёл ҳали ёшига етмаган ўғилчасини эрига бериб, хонага кириб кетди. Болакай анчагина шўх экан. Аввал отасининг бўйнидан қучди, кейин қулоқларидан тортди. Кимгадир беғубор, ширин бир табассум ҳадя этди. Кимнидир фақат ўзи тушунадиган тилда чақирди. Кўпчиликнинг нигоҳи болага қадалди.
-Ширин бола экан.
-Ёқимтой бола.
Ота ёнида турган танишига ўғлининг қилиқларини сўзлаб берар экан, кўзлари бахтдан чарақлаб кетди.
Нотаниш ўғлим! Оталик бахти қандай улуғ бахт эканини ҳис этиб турибсан. Боланинг битта шодон кулгусига бутун борлиғингни ҳадя этгинг келади. Ахир у сенинг зурриётинг! Унинг чеҳрасида сенинг суратинг улғаймоқда. Бу бахтни асра, кўз қорачиғингда асра! Ана шундагина у улғайгач, сен берган меҳрни ўзингга қайтаради.
Кимё РАСУЛОВА.

