Байрам тилаклари
Мана, дўстим, бир ёш улғайдик,
Қувонтириб келди Янги йил элга!
Қувонч ва бахт олиб келибди,
Шодлигу, ғурурлар тўлдириб дилга.
Юксакларга дадил, олға интилиб,
Улкан зафарларни қучмоқ истайман.
Осуда юртимнинг осмонларида
Бахтдан қанот боғлаб, учмоқ истайман.
Кундан-кунга чирой очмоқда юртим,
Бу йил ҳам янада яшнасин, дейман.
Бу юртда туғилган ҳар битта гўдак,
Шод, хуррам, эъзозда яшасин дейман.
Ҳар бир хонадонда тўй, байрам бўлсин,
Ташвишли кунлардан эгилмасин бош.
Барча бир-бирига дўст, ҳамдам бўлсин,
Порлаб турсин кўзлар, тўкилмасин ёш.
Яна тилакларим шундай: Янги йил
Оилаларимиз жамулжамлиги.
Отам, онам доим бўлсин ёнимда,
Шудир кўнгилларнинг хотиржамлиги.
Бувижоним олқиш, дуолар қилиб,
Бахтимизга бўлсин, дейман соғ-омон.
Набиралар бахтин, қувончин кўриб,
Боболар, момолар сурсинлар даврон.
Ниятларим холис, билсанг, Янги йил,
Истакларим мўл-кўл, хулласи калом.
Шундай юртга тинчлик, байрам ярашгай.
Бахтли онларимиз бўлсин бардавом.
Иродахон ИНАМОВА,
33-мактабнинг 7-синф ўқувчиси.

