МАСЪУЛИЯТ, МАЛАКА ВА МАҲОРАТ
фаолият натижадорлигини таъминлашнинг муҳим омили
13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида аҳолига кўрсатилаётган патронаж хизматини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди.
Соҳада кечаётган ислоҳотлар баробарида тиббиётнинг бирламчи тизими иши самарадорлигини ошириш, айниқса, уйма-уй юриб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатадиган патронаж ҳамширалари фаолиятини янада кучайтириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Зеро, бу хизмат турига сафарбар этилган ўрта тиббиёт ходимларининг зиммаларидаги вазифага сидқидилдан ёндашишлари, масъулият ҳиссини чуқур англаган ҳолда иш олиб боришлари ҳудудлардаги касалланиш кўрсаткичларини қисқартиришда, тиббий маданиятни юксалтиришда ва соғлом авлодни вояга етказишда муҳим омилдир.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тизимида хизмат қилаётган патронаж ҳамшираларининг вилоят анжумани ана шу мақсадда ташкилланди. Тадбир аввалида сўзга чиққан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Насиба Расулова, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминовлар муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тиббиётнинг барча йўналишларида ижобий самаралар бераётганлигини мамнуният билан таъкидлар эканлар, аҳолининг тиббий хизматдан розилигига эришиш учун ҳали кўп ишлар қилиниши, мавжуд муаммоларга ижобий ечим топиш учун эса патронаж хизмати даражасини ҳам юқори босқичга кўтариш зарурлигига эътиборни қаратдилар.
Бошқарма бошлиғи ғоят масъулиятли вазифани аъло даражада уддалаб, эл олқишига сазовор бўлаётган бир гуруҳ фаол патронаж ҳамшираларига фахрий ёрлиқлар, қимматбаҳо эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди.
Шундан кейин уйчилик патронаж ҳамширалар иштирокида намунавий кўрик-танлов ўтказилди. Кўрик-танловда ўз қобилияти ва тажрибасини тўлақонли намойиш эта олган барча патронаж ҳамшираларига вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг дипломлари, эсдалик совғалари тақдим этилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.

