ЖАРИМАГА САБАБ БЎЛАДИ
Юртбошимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди ҳамда жойларда унинг Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказлари фаолиятига асос солинди. Марказлар орқали нафақат аввалгидек тадбиркорларга, балки жисмоний шахсларга ҳам давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди.
Ҳозирда давлат хизматлари марказлари томонидан фуқароларимизга юздан ортиқ давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Афсуски, яратилаётган ана шу қулайликларнинг аҳолига тақдим этилишига тўсиқ бўлаётган идоралар ҳам йўқ эмас. Аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнини таҳлил қилишда вилоят бошқармаси томонидан 2018 йил давомида 9606 та қонунбузилиши аниқланди. Буларнинг аксарияти маҳаллий давлат ҳокимлиги органлари, архитектура ва қурилиш органлари, газ, электр тармоқлари корхоналари, мактабгача таълим органлари ва кадастр идораларига тўғри келмоқда.
Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 1 нафар шахс вазифасидан озод этилган, 12 нафар шахс интизомий, 139 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилган.
Бу каби қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилишининг асосий сабаблари сифатида ваколатли органларнинг электрон ҳужжат алмашинув тизимига ўз вақтида уланмаслиги, давлат хизматини кўрсатиш учун масъул бўлган ходимларнинг қўнимсизлиги, давлат хизматини кўрсатишга иккинчи даражали вазифа сифатида қараётганлиги айтиб ўтиш мумкин.
Шу пайтгача бошқарма томонидан аниқланган аксарият қонунбузилиши ҳолатлари дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун лицензия беришда, болаларни давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштиришда, муҳандислик коммуникациларига уланишда, объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат беришда, турар жойларни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсатнома беришда, қурилиши тугаллаган (реконструкция қилинган) объектни фойдаланишга қабул қилишда кузатилган.
Бу борада «Баъзи давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Эндиликда Давлат хизматлари агентлиги директори ва унинг ўринбосари, агентликнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарларига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима тариқасида маъмурий жазо чораларини қўллаш ваколати берилди. Жумладан, МЖТКнинг 215-моддасига асосан давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик мансабдор шахсларга ва хизматчиларга жарима солинишига сабаб бўлади.
Муҳаммадали ҚАМБАРОВ,
туман Кенгаши депутати.

