МТМЛАРДА КУЗАТУВ КЕНГАШИ ТУЗИЛДИ

13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида туман МТБ тасарруфидаги барча мактабгача таълим муассасаларининг кенгаш аъзолари ҳамда тумандаги сектор раҳбарлари, ОАВ ходимлари иштирокида  туман ўқув-семинари ўтказилди.

Ўқув-семинар аввалида МТМларнинг мусиқа раҳбарлари ва иқтидорли тарбияланувчиларнинг «Ватанни мардлар қўриқлайди» мавзусидаги бадиий чиқишлари намойиш этилди. Пухта тайёрланган сценарий ва болажонларнинг ўзига хос усулдаги чиқишлари барчани ҳайратга солди.  Шундан сўнг семинар мавзуси  – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3955-сонли қарори ижроси юзасидан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида туман МТБ мудири Маҳбуба Абдуллаева маълумот берди. Бўлим шўъба раҳбари Муқаддам Солиева томонидан видеоролик орқали тақдимот ўтказилди. Унда МТМларда тузиладиган кузатув кенгашининг мақсади,  вазифалари,  кенгаш фаолиятини ташкил этиш ва таркибини шакллантириш, кенгаш йиғилишларини ташкил қилиш ва ўтказиш, кенгашнинг ҳуқуқ ва ваколатлари, якуний қоидалар бўйича батафсил маълумот берилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, кенгаш 11 кишидан кам бўлмаган, тоқ сондан иборат таркибда тузилади. Кузатув кенгаши ҳар бир гуруҳдаги тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, педагоглар, тарбиячилар ёрдамчилари, МТМ маъмурияти, ҳудудий бўлинма ходимлари орасидан шакллантирилади. Улар муассасанинг устувор вазифаларини белгилаш, туман МТБ томонидан тавсия этилган номзодлар таркибидан мактабгача таълим муассасаси раҳбарини сайлаш, муассасанинг мақсадлари ва вазифаларини ҳамда уларга эришиш режаларини тасдиқлаш, муассасада амалга оширилиши белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ва мақсадли кўрсаткичларга эришилиши устидан назорат олиб боришда қатнашадилар.