«ЭЛ-ЮРТ УМИДИ» ЖАМҒАРМАСИ

салоҳиятни оширишга хизмат қилади

2019 йил 4 январда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармасининг дастурлари бўйича кадрларни ўқитишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Қарорга мувофиқ, жамғарманинг асосий вазифалари, молиялаштириш манбалари белгиланди, тузилмаси, Васийлик кенгашининг таркиби тасдиқланди. Юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш механизмлари ишлаб чиқилди. Таълим соҳасидаги етакчи хорижий ҳамкорларни топишда дипломатик ваколатхоналар фаолиятини жонлантиришга киришилди.

«Эл-юрт умиди» фонди дастурлари бўйича, шунингдек, кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш учун номзодларни танлов асосида саралаб олиш схемаси тасдиқланди. Бу бевосита хорижий мамлакатлар етакчи университетлари, илмий марказлар, бошқа компания ва ташкилотларда истиқболли кадрларни ўқитиш учун буюртмалар портфелини шакллантиришдан тортиб, то ҳар йили декабрь ойи охиригача стипендиялар ғолибларига оид маълумотни оммавий ахборот воситаларида эълон қилишгача бўлган босқичларни ўз ичига олади.

Энди жамғарманинг Васийлик кенгаши халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингига кўра, жаҳондаги энг яхши 500 талик ёки танланган фан йўналиши бўйича энг яхши 200 талик рўйхатга кирган хорижий таълим муассасалари ва илмий марказларнинг магистратураси ёки докторантурасига мустақил тарзда кирган ва таълим олаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига жамғарма стипендияларини ажратиш бўйича қарорлар қабул қилади.

Қарорга мувофиқ, номзодларни, айниқса, республика ҳудудларида жамғарма стипендияларини олишга номзодларни хорижий тилларга ўқитиш махсус дастурлари ишлаб чиқилади ва 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб уларни хорижий тилларга ўқитиш махсус дастурлари асосида мақсадли курслар ўз ишини бошлайди.

Дилшод ЙЎЛДОШЕВ,

туман Кенгаши депутати.