УСТОЗ – ШОГИРДЛИК ОДОБИ
Устоз-шогирдлик тушунчаси юксак миллий қардиятларимиздан ҳисобланиб, бу борада ҳам асрлар давомида шаклланган тартиб-қоидаларга амал қилиб келинади. Халқимизда яхши бир ибора бор, ота-оналар устозга: «Эти сизники, суяги бизники», -дея айтадилар. Агар ушбу сўзга зоҳиран эътибор берсак, жуда ҳам салбий маънони англаётгандек, гўё. Аслида эса бундай эмас, ушбу иборанинг туб негизига эътибор қаратсак, унда катта бир масъулиятли меҳнат борлигини кўришимиз мумкин. Бу билан ота-она устозга ўғлининг келажак тақдирини бус-бутун ишониб топшираётганини билдиради. Ўз навбатида, устоз ҳам шогирди тақдирига ўзини масъул билиб, бор илму салоҳияти ва иқтидору ҳунарини унга ўргатишга интилган.
Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Футувватномаи султоний» китобида устоз қандай бўлиши, шогирдлик шартлари нималардан иборат экани ҳақида батафсил маълумот берилади: «Агар комил устоз ким, деб сўрасалар, у пок мазҳабли, ўз айбини кўрадиган, доно ва тамизли кишидир», -деб айтгил. Унда ҳасад, гина ва бахилликдан асар ҳам бўлмаслиги керак. Агар шогирдлик биноси ниманинг устига қурилади, деб сўрасалар, иродат устига, деб айтгин. Иродат нима, деб сўрасалар, устоз нимаики айтса, уни жон қулоғи билан эшитиш, чин кўнгил билан қабул қилиш ва вужуд аъзолари орқали амалда адо этишдир. Агар шогирд учун нима яхши, деб айтсалар, пок эътиқод, деб айт, чунки фақат эътиқод кишини муродга етказади… Агар шогирд нима орқали мақсадига етади, деб сўрасалар, хизмати орқали, деб айтгин. Агар хизматининг биноси нимага қурилган, деб сўрасалар, роҳатни тарк этиш ва заҳмат чекиш асосида, деб айтгин.
Агар шогирдликнинг рукнлари нечта, деб сўрасалар, тўртта деб айт:
Биринчиси – мард бўлиб ишга киришиш.
Иккинчиси – сидқидилдан хизмат қилиш.
Учинчиси – кўнгилни ва тилни бир-бирига мувофиқ тутиш.
Тўртинчиси – насиҳатга қулоқ солиш ва устоздан эшитганини ёдда тутиб, унга амал қилиш.
Агар шогирдликнинг одоби нечта, деб сўрасалар, саккизта деб айт:
Биринчиси – устоз олдига кирганда ёки кўрганида биринчи бўлиб салом бериш.
Иккинчиси – устознинг олдида оз гапириш.
Учинчиси – бошни олдинга эгиб туриш.
Тўртинчиси – кўзни ҳар томонга югуртирмаслик.
Бешинчиси – агар масала сўрамоқчи бўлса, олдин устоздан ижозат олиш.
Олтинчиси – устоз жавоб айтганда, эътироз билдирмаслик.
Еттинчиси – устоз олдида бошқаларни ғийбат қилмаслик.
Саккизинчиси – ўтириб-туришда ҳурматни тўлиқ сақлаш.
Мазкур одобларга биздан олдин яшаб ўтган аждодларимиз оғишмай (бекаму кўст) амал қилиб келганлар. Шу сабабли ҳам улар устозларининг дуолари билан етук олим, мутафаккир ҳамда барча инсонлар ўрнак оладиган даражадаги намуна бўлишган.
Биз аждодларимизнинг узоқ йиллик илм-маърифатлари ва юксак тажрибалари асосида шаклланган бой мерослари билан тўла зийнатлансак, улар каби барча соҳаларда устоз бўлишимиз мумкин. Аллоҳ таоло устозларимизни ўз паноҳида асраб, уларни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам битмас-туганмас ажр, мукофотлар билан сийласин.
Комилжон ОТАМИРЗАЕВ,
«Даҳиякота» масжиди имом ноиби.

