ОИЛА – БАХТУ ИҚБОЛ МАСКАНИ

Одам Ато ва Момо Ҳаводан бошланган одам зоти борки, бу дунёдаги умрини оилада яшаб ўтади. «Оила» никоҳга ёки туғишганликка асосланган кичик гуруҳ бўлиб, уни «жамиятнинг ячейкаси, яъни энг кичик бўғини», деб айтилади. Унинг аъзолари рўзғорининг бирлиги, ўзаро ёрдами ва маънавий масъулияти билан бир-бирига боғланган. Демак, оилада туғишганлар, бир-бирига энг яқин одамлар яшайди. Бу жиҳатдан олсак, оилада, умуман, низо, келишмовчилик бўлмаслиги лозим. Аммо бугунги кунда оилавий можаролар давлат миқёсида муҳокама этиляпти.

Ўтмишга андак назар ташлайлик: ҳозиргидек тинч, фаровон бўлмаган жамиятда оилалар мустаҳкам бўлган. Фуқаролик судлари, яраштирув комиссиялари, оила марказлари бўлмаган, аммо оилалар ажралмаган. Оилаларда Берунийлар, Бухорийлар, Навоийлар тарбияланган. Оила бузилиши иснод ва гуноҳ саналган. Бугун-чи?

Оилани мустаҳкамлаш, сақлаб қолиш, ривожлантириш учун барча шароит ва воситалар муҳайё! Аммо ажрашишлар камаймаяпти. Нима учун? Сабаблар бисёр. Ҳаммасини айтиб улгуриб бўлмайди. Асосийлари ҳақида тўхталамиз:

-74 йиллик мустабид тузум даврида «социалистик оила» барпо этиш йўлида оила борасидаги кўплаб қадриятларни бой бердик, диний қарашларга қарши курашдик;

-фарзандларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича анъаналарни унутдик, янги урф-одатларни ҳам қойиллатолмадик. (Илгари ўғил болалар 16-17 ёшда, қизлар 15-16 ёшда оилавий ҳаётга тайёр бўлган. Ҳозир 20-25 ёшда ҳам тайёр бўлмаяпти);

-оила сирини сақлаш, оила аъзолари ўртасидаги даражаларга риоя этиш, қўшни, қариндошлар олдида оила шаънини эҳтиётлаш, андиша, ҳаё ва бошқаларга эътибор бермай қўйдик;

-келин (куёв) танлашда унинг зотига, феъл-атворига, хулқ-одатларига, мучалига, мижозига, касб-ҳунарига эмас, бойлигига, амалига қараб иш тутяпмиз;

-берган ваъдамизга, лафзимизга вафо қилмаяпмиз, қудаларга ўғлимиз(қизимиз)нинг «ёмонини яшириб, яхшисини ошириб» таърифлаймиз, аслида ундай бўлиб чиқмаяпти. Тўй куни эл олдида сўзга чиқиб, келинни қиз ўрнида қиз, деб қабул қиламиз, тўйдан сўнг «турса ўпоқ, ўтирса сўпоқ» қиламиз;

-йигит ва қизнинг бир-бирини чуқурроқ ўрганишига қўймай, жон-жаҳдимиз билан тўйни тезлатамиз. Ўғил-қизимизнинг умрбодлик тақдири ҳал бўлаётганини унутиб қўямиз, «донғи дарвоза» тўй қилиб, элга ўзимизни кўрсатиб қўйишга шошиламиз. Фарзандимиз туғилгандан бошлаб, унинг бахти, саодати ҳақида ўйлаймиз, ният қиламиз, аммо уйлантиришга келганда, эс-ҳушимизни йўқотиб, шошиб қоламиз. Худди боламиз сўққабош бўлиб қоладигандек. Озгина шошилмасак, ақл билан, маслаҳатлашиб иш тутсак, фарзандимизнинг пешонасига битилган жуфти ҳалолини Аллоҳ ўзи дилимизга солади, топамиз ва ёшларни бахтли қиламиз.

Инсон боласининг оиладан бошқа умргузаронлик қиладиган жойи йўқ. Умр бир марта берилади. Уни армонсиз ўтказиш ҳам, ғам-андуҳ ила кечириш ҳам ўз қўлимизда!

Аллоҳнинг бандаларига атаган неъматлари бисёр. Неъматларга шукронада бўлсак, эҳтиётласак, увол қилмасак, Аллоҳ биздан рози бўлиб, янги-янги неъматлар ато этаверади. Яхши умр йўлдоши улуғ ва асосий неъматлардандир. Унга бўлган муносабатимиз инсоний бўлса, галдаги неъматлар – фарзандлар ҳам инсоний бўлади. Аҳиллик, тотувлик, ўзаро иззат-ҳурмат, ҳаё, вафо, ҳалоллик кабилар оилангиз устунлари бўлса, бу оила асло бузилмайди, бахту иқбол маскани бўлиб яшнайверади.

Шу ўринда оила мустаҳкамлиги йўлида эътиборда бўлиши лозим бўлган амаллар ҳақида қисқа тўхталамиз. Эр-хотинлар:

-жуфтига ҳаммадан яхши бўлиб кўриниши;

-умр йўлдошига ёқмаган одатларни тарк этиши;

-доимо илиқ муносабатни, жозибадорликни сақлашга интилиши;

-бир-бирларининг фикрига, орзу-истакларига эътиборли бўлиши;

-биргаликда эришилган ҳамма нарсани қадрлаш, эҳтиётлаш;

-бир-бирлари билан савол-жавоб, ҳазил-мутойиба қилиб, хуш кайфиятни сақлаш;

-вафодор бўлиш, хиёнатдан қочиш, ёлғон сўзламаслик, алдамаслик;

-фарзанд тарбиясига тенг алоқадор бўлиш;

-турмуш, оилавий ҳаёт тажрибасини, ўз салоҳиятини ошириб бориш;

-бир-бирларининг хатоларини кечириш, ўтмишдаги кўнгилсизликларни эсламаслик;

-жуфтини бўлар-бўлмасга тергайвермаслик ва асоссиз миш-мишларга эътибор бермаслик ва ҳоказо.

Юқоридагиларга амал қилганлар узоқ ва бахтиёр яшайдилар.

Ҳа, дарвоқе, унутаёзибман, топганингизда банан ва шоколад еб туринг. Бу неъматлар таркибида дофамин ва серотонин каби нейро-медиаторлар бўлиб, улар муҳаббатдаги давомийликни ва бахту шодликни таъминлар экан.

Янги йилда ҳеч кимнинг оиласи, ҳаттоки қушнинг уяси ҳам бузилмасин.

Ўринбой Мўминов.