НУҚСОННИ ЯШИЛ МАЙДОНДАН ҚИДИРМАЙЛИК

«Ҳар қандай моҳир пазанда ҳам қуруқ сувдан мазали таом тайёрлай олмайди». «Осиё кубоги – 2019″да Ўзбекистон миллий терма жамоасида тажрибали ошпаз ролини Купер бажариб берди. Қуруқ сув эса… Йўқ. Янглишдингиз. Майдонда тўп сурган йигитлар эмас. Зинҳор. Уларни ҳақиқий жангчилар, деган бўлардим. Фикримга қўшилмаслигингиз табиий. Фақат хулоса қилишга шошилманг, азиз мухлис. Ҳис-туйғуларни бир четга суриб қўйиб, вазиятга холисона баҳо берайлик.

Пенальтилар сериясини омад лотереясига қиёслашади. Унда омадимиз келмади. Агар аксинча бўлганда, бугун барча футболчиларни кўкка кўтариб, мақтаётган бўлармидик? Уларга таҳсинлар ёғдирармидик? Албатта, шундай қилардик.

«Футболда энг муҳими – натижа», -деяётгандирсиз, балки. Жуда тўғри. У ҳолда айтинг-чи, Австралиядек грант жамоа билан қачон бундай натижага эриша олганмиз? 120 дақиқа у ёқда турсин, ҳатто бир тайм дарвозамиз дахлсиз-лигини сақлай олмаганмиз. Ҳатто энг юлдузли таркибимизнинг ҳам 2011 йилги қитъа биринчилиги ярим финалида 6:0 ҳисобидаги аламли мағлубиятини ҳеч биримиз унутганимиз йўқ. Энг ачинарлиси шундаки, биз муваффақиятсизликка айбдорни яшил майдондан, ҳал қилувчи ўйинда иштирок этганлардан қидиришга одатланганмиз. Мана шу бизнинг энг катта камчилигимиз. Хўш, у ҳолда, биз сўзимиз бошида тилга олганимиз «қуруқ сув» қаерда? Келинг, футболимизнинг бугунги кунига жиддийроқ назар солайлик.

Ҳар қандай терма жамоа ўзаги, асосан, икки пойдевор асосига қурилади. Биринчиси, легионер футболчилар. Худди Бразилия, Аргентина, Хорватия, Португалия  терма жамоалари каби, иккинчиси, кучли шаклланган ички чемпионати ва ундаги клублар. Испания, Англия, Германия, Италия термаларининг бугунги авлоди сингари. Энди Ўзбекистон термасига келсак, қайси пойдеворни мустаҳкам деб биласиз? Қосимов, Шацких, Жепаров, Аҳмедов, Денисовдек легионерларнинг ўрнини босадиган бирорта чарм тўп устасини топиш амри маҳол. Ички чемпионатимиздаги аҳвол алоҳида мавзу.

Миллий чемпионатимиз бошланган илк йилларда пойтахт, водий, воҳа футбол мактабларининг бир-биридан мутлақо фарқ қиладиган алоҳида ўйин услублари мавжуд  эди. Асосий рақобат ва чемпионат безагиниям айнан мана шу жиҳатлар таъминлаб берарди. Йиллар ўтиб, вилоятлар футболида чўкиш кузатилди. Асосий эътибор пойтахт жамоаларига кўчди. Бу билан ички чемпионатда йилдан-йилга пасайиш бошланди. Чемпионликни неча йиллардан бери «Пахтакор», «Бунёдкор», «Локомотив» ўзаро тақсимлаб юрибди. «Тақсимлаб» дейишимизга асос бор. Бир гуруҳ истеъдодли футболчилар жамоадан жамоага кўчиб юради. Улар қайси жамоада тўп суришса, шу йили бу клубга чемпионлик нақд. Ҳар йили чемпионат бошида шарҳловчиларимизнинг: «Бу йил рақобат кучли бўлади, чемпионлик учун кураш шиддатли кечади», -деган хитоблари ҳеч бир мавсумда ўзини оқламаяпти. «Пойтахт дербиси» дея аталган ўйинларга ҳам мутлақо қизиқиш йўқолган. Буни стадионларнинг бўм-бўшлигидан билиш қийин эмас. Ички чемпионатдаги 3 очкони осонликча қўлга киритавергани «элита» жамоаларимизни ОФК кубоги ўйинларида мутлақо ночор аҳволга олиб келди. Бугунга келиб, кубок ўйинларининг гуруҳ баҳсларидаёқ аутсайдер клубларга айланган жамоаларимиз на ғарбий, на шарқий мамлакатлар жамоаларига рақобат туғдира олмай қўйди.

Юртимизда фаолият юритаётган футбол академиялари ишига ҳам бир назар солсак. Барча қулайлик ва шарт-шароити муҳайё бу масканларда, майли, бир йилда эмас, майли, беш йилда эмас, ҳеч бўлмаганда, ўн йилда бир дона «тишга босадиган» футболчи тайёрлаб беролмаса. Бу академиялардан нима наф? Нестеровнинг термадаги дебюти 2004 йилда бўлган экан. Мана 15 йилдирки, унинг ўрнига мос битта дарвозабон бўлмаса. Юқорида номлари зикр этилган футболчиларимиз билан бирга Гейнрих, Карпенко, Ҳасанов, Ашурматов, Кападзе, Бақоевларнинг ўрнини ким билан тўлдириш керак, деган саволга ҳанузгача жавоб йўқ. Хуллас, мана шунақа гаплар.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, барча соҳалар каби жамоавий ўйинлар, асосан, футболга илмий жиҳатдан ёндашиш пайти аллақачон етиб келди. Бунинг учун эса тўғри таҳлил, хатоларни бартараф этиш усулларини ишлаб чиқиш, ҳаётга татбиқ этиш бош масала бўлиб қолаверади. Бу ишга қанча эрта киришсак, мевасини шунча тез татиб кўрамиз. Акс ҳолда ҳали кўп бор нуфузли мусобақалардан «бурнимиз қонаб» қайтаверамиз.

Абдул ҲАКИМ.