ЁШЛАР ҲУЗУРИДА

Мамлакатимизда ёшларнинг бизнес ташаббуслари, «start up»лари, ғоялари, лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган «Yoshlar – kelajagimiz» давлат Дастури ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда Қўрғонча МФЙда тадбиркор Юнусхон Иброҳимов томонидан қиймати 1 млрд. 487 миллион сўм миқдоридаги «Ёшлар меҳнат гузари» қурилиши жадал давом этмоқда. Гулистон МФЙда тадбиркор Алишер Умматалиев томонидан қурилаётган «Ёшлар меҳнат гузари»да қурилиш ишлари якунланай деб қолди.

Ёшлар тадбиркорлиги, таълим-тарбияси, уларни соғломлаштириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, фермерликни қўллаб-қувватлаш, ишсизликни бартараф қилиш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди ва ижроси таъминланмоқда.

Жийдакапа қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежида «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси туман филиали томонидан ўқув ўтка-зилди. Унда филиал ходими Аҳмаджон Турдибоев, Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси туман тадбиркорликка кўмаклашиш маркази директори Зафаржон Худойназаровлар қатнашиб, ёшларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб қайтардилар.