ҚУВАЙТ ЭЛЧИСИ УЙЧИДА

5 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг 16 та хорижий давлатдаги дипломатик миссияларининг раҳбарлари ва масъул ходимлари вилоятимизга келди. Мазкур ташрифдан кўзда тутилган асосий мақсад инвестицион муҳит ва имкониятларни ўрганиш, тадбиркорлар ва ишбилармонлар вакиллари билан мулоқот қилиш, аниқ инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш ҳамда келгусида инвесторларни жалб этиш ва шу орқали экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш.

Вилоят ҳокимлигида шу муносабат билан ўтказилган йиғилишда мамлакатимизнинг Сингапур, Австрия, Уммон султонлиги, Покистон, Ҳиндистон, Бельгия, Миср, Озарбайжон, Россия, Италия, Буюк Британия, Қувайт, Туркия, Эрон, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари давлатларидаги фавқулодда ва мухтор элчилари, уларнинг савдо-иқтисодий масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирок этдилар. Дипломатик миссиялар вакиллари бир неча кун давомида вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида иш олиб борадилар.

6 февраль куни туманимизга Ўзбекистон Республикасининг Қувайт давлатидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Аълоев ташриф буюрди. Меҳмонни туман ҳокимлигида туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Муҳаммадаюбхўжа Апақов қабул қилди. Қисқа суҳбат жараёнида бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикрлашиб олинди. Хусусан, туманда туризм, саноатни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, ижтимоий-маданий объектларга беғараз кўмак ажратиш таклифлари билдирилди.

Туманимиз раҳбари ва элчи жаноблари жойларда бўлиб, таклиф этилаётган лойиҳалар билан танишдилар. Дастлаб туман марказидаги «Hifa textile» МЧЖга ташриф буюрилди. Мазкур жамият бугунги кунда тўла қувват билан ишламаяпти. Бўш турган бинолар мавжуд. Бу ерда енгил саноат йўналишида истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши мумкин. Бунинг учун йигирув цехини модернизациялаш, тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш комплексини ташкил этиш зарур.

«Muborak Pure Silk» ХКда костюм-шим ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда кенгайтириш, «Mushtariy» МЧЖда парфюмерия маҳсулотларини ишлаб чиқариш, «Durbek Invest» МЧЖда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш ҳамда музлаткичли омборхона ташкил этиш имкониятлари мавжудлиги аниқланди. Тадбиркорларни қийнаб келаётган электр таъминотидаги муаммоларни мутахассислар ўрганиб, бартараф этиш чоралари кўриладиган бўлди.

-Халқимиз розилиги йўлида олиб борилаётган хайрли ишларда иштирок этаётганимиздан биз ҳам беҳад мамнунмиз, -дейди Ўзбекистон Республикасининг Қувайт давлатидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Аълоев. -Туман тиббиёт бирлашмасида бўлганимизда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун айрим замонавий тиббий асбоб-ускуналар етишмаётганлигини соҳа раҳбарлари маълум қилишди. Грант маблағлари ва ҳомийлик ёрдами асосида бундай ускуналар олиб келинишига ҳаракат қиламиз. Қолаверса, туман шифокорларининг Қувайтда ўзаро тажриба ва малака оширишлари, қувайтлик врачларнинг Уйчига ташрифини уюштириш бўйича ҳам режаларимиз бор.

Туман маданият бўлимига қарашли Жийдакапа маданият маркази дастур асосида мукаммал таъмирланиши кўзда тутилган. Бироқ катта маблағ талаб этилгани боис бир неча йилдан бери бу амалга ошмай келяпти. Ушбу марказнинг аҳоли учун кўнгилочар ва маданий дам олиш масканига айлантирилиши мақсадга мувофиқ. Шу боис марказ биносини реконструкция қилиш, замонавий жиҳозлаш учун лойиҳа таклифи берилди.

-Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, қуритиш, иссиқхона, музлаткичли омбор, бўш бино-иншоотлар негизида янги хизмат кўрсатиш, клиника ташкил этиш, балиқчилик, чорвачилик, интенсив боғлар барпо қилиш бўйича ҳам лойиҳаларимиз бор, -дейди туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Фарҳод Мамадалиев. -Шунингдек, йирик экотуризмни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Бу Жийдакапа қишлоғи ҳамда Ровот шаҳарчаси ҳудудидан ўтган Норин дарёси қирғоқларида амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Замонавий меҳмонхона, яшил майдонлар, ўйингоҳлар, дам олиш масканлари барпо этилади. Агар бу лойиҳа амалга ошса, туманимизда ҳам туризмни ривожлантириш бўйича дастлабки қадам қўйилади.

Муҳаммадали ҚАМБАРОВ,

туман Кенгаши депутати.