ЯНГИЛАНАЁТГАН «ДАҲИЯК ОТА»

Мамлакатимиз бўйлаб бошланиб кетган бунёдкорлик, янгиланиш ва ўзгариш ишлари туманимизда ҳам акс этмоқда. Ўзига хос тарихга эга, қадамжо саналган Даҳиякота маҳалласида амалга оширилаётган ободончилик ишлари ҳақида хабар топиб, маҳалла сари йўл олдик. Бизни Даҳиякота маҳалла фуқаролар йиғини  раиси Латифжон Турсунов кутиб олди.

Қабристонда ўттизга яқин маҳалла аҳли ҳашарда қатнашаётган экан.

-Юртимизда ислом дини равнақига яратиб берилаётган шароитлар эътиқодда мустаҳкам бўлган халқимиз ғайратини жўш урдириб юборди, -дейди маҳалла раиси Латифжон.                         -Маҳалламиз аҳли уюшиб, ҳар куни 40-50 нафар фуқаро ҳашарга чиқмоқда.

Туман ободонлаштириш бошқармасининг Акмалжон Ибайдуллаев бошчилигидаги фуқароларга хизмат кўрсатиш бўлими назоратчиси Сайфиддин Муродов, ишчилар Хайрулло Ғаниев, Маҳаммаджон Файзуллаев, қоровул Ҳамидулло Акбаровларнинг жонбозликлари алоҳида эътиборга лойиқ.

Қабристонда бажарилган ишларни кўздан кечирамиз. Кираверишдаги ўнқир-чўнқир жойларни текислаш учун 200 машина шағал, тупроқ ташиб келиб, ётқизилибди. Бу ишда шахсий техникаси бўлган Ҳусанбой Акрамов, Нуриддин Ҳусанов, Аъзамжон Қодиров, Сардорбек Акбаров, Мирзоҳид Бозоров, Адҳамжон Қодировлар беминнат саховат кўрсатишган. Қабристон ҳудудида симёғочлар ўрнатишда автокранчи Содиқжон Отабоевнинг меҳнатидан маҳалла аҳли жуда хурсанд.

Қабристонга кираверишда «Даҳияк ота» мақбараси қурилиши жадал олиб бориляпти. Бу ишни меҳнат фахрийси, маҳалланинг ҳурматли кишиларидан бири Қамбарали ҳожи Юлдашев ўз маблағи ҳисобидан амалга оширмоқда. Суҳбатга «Даҳиякота» масжиди имом ноиби Ҳусниддин Юсупов қўшилди:

-Қамбарали ҳожи ота мақбара қурилиши учун 80 млн. сўм сарфладилар. Мақбарани битиришни ўз зиммаларига олганлар. Масжиднинг маъмурий биноси эскириб қолганди. Дарвозанинг ўнг томонига янги бино қурдик. Бу ҳам ҳашар йўли билан бажарилди.

Ҳусниддиннинг айтишича, 24-мактабни 1970-2000 йилларда битирган йигитлар тўпланиб, маслаҳат қилишган. Улар бир овоздан қабристон ободончилигида фаол иштирок этишга бел боғлаганлар. Шу ўринда олийҳиммат, кўнгли обод, саховатпеша халқимиз борлигидан фахрланасан, киши.

Маҳаллада яна бир хайрли ишнинг гувоҳи бўлдик. Тадбиркор Ёқутхон Мамадалиева фойдаланилмай турган чойхона биносини таъмирлаб, хусусий МТМ ташкил этишга бел боғлабди, ҳозирда бу ерда иш бошланди. Ишларингиз олға боссин, Ёқутхон!

Даҳиякотадаги эзгу ва савобли ишлар хусусида туман ҳокими ўринбосари Фарҳод-жон Мамадалиевга юзландик:

-Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралда «Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида»ги 120-сонли қарори эълон қилинган эди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан вилоят ҳокимининг тегишли фармойишига асосан Даҳиякота маҳалласидаги муқаддас қадамжони ободонлаштиришга 120 млн. сўм маблағ ажратилди. Бу хамир учидан патир. Келгусида ҳам бундай ишлар туманимизда бардавом бўлади, ҳукуматимиз маблағни аямайди. Чунки бу ишлар ҳам ўтмишимиз, ҳам келажагимиз учун қилиняпти.

Фарҳоджоннинг фикрига бажонидил қўшилдик.

Ўринбой МЎМИНОВ.