ҒОЯТ ЗАРУР МАКТАБ
Шўролар тузуми юритган атеистик тарғибот туфайли жамият ҳаётидан йироқлаштирилган муқаддас ислом динимизнинг инсон ҳаёти ва камолотидаги ўрни беқиёс. Шу боис муборак Истиқлол даврида динимизнинг тараққиёт ва маънавиятдаги аҳамиятини эътиборга олиб, унинг фуқароларимиз қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаши учун кенг шароитлар яратилмоқда.
Ўтган йили юртимизда илк бор ўтказилган Қуръон мусобақаси, Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши, Юртбошимиз ташаббуси билан БМТда «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган резолюциянинг қабул қилиниши каби улуғвор ишлар фикримизнинг далилидир.
Маълумки, инсон камолотида, айниқса, ёшлар тарбиясида Пайғамбаримиз (САВ)дан қолган Ҳадиси шарифларнинг роли ғоят юксакдир. Шуни эътиборга олган ҳолда Самарқанд вилояти, Пойариқ туманида ҳадис илми мактаби бунёд этилди. Бу мактабда ғоят иқтидорли, қуръон ва ҳадисларни яхши билган ёшлар таҳсил олмоқдалар. Ҳозиргача бундай мактабни очиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди. Шу ўринда Президентимизнинг ғоят зийракликларига, узоқни кўра олувчи, тадбирли раҳбар эканликларига тасаннолар айтамиз. Умидимиз борки, яқин йиллар ичида юртимизда муқаддас динимизнинг етук билимдонлари етишиб чиқадилар ва халқимизни янада рўшнолик сари ундайдилар. Динимиз тараққий этган сари Аллоҳ бизга тинчлик, фаровонлик ва қут-барака ато этаверади.
Гулчеҳра ЎРИНБОЕВА,
31-мактаб ўқитувчиси.

