ТЎЛОВ МАДАНИЯТИ
келажак авлод учун мустаҳкам замин
Электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви… Биламиз, бу каби табиий бойликлар абадий эмас. Улардан тежаб, оқилона фойдаланиш келажак авлод учун мустаҳкам замин яратилишига сабаб бўлиши эса барчамизга маълум.
Бунинг учун эса, авваламбор, аҳолида истеъмол маданиятини шакллантириш, тўловларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлаш тушунчасини юксалтириш зарур бўлади. Ана шу мақсадларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси зиммасига коммунал қарздорликларни бартараф этиш, тўлов интизомини таъминлаш сингари вазифаларнинг юклатилгани ҳам бежиз эмас. Бу жиҳатлар энергия ресурслари ва ичимлик сувидан фойдаланганлик учун йиллар давомида йиғилиб қолган дебитор қарздорликларни Мажбурий ижро бюроси томонидан камайтиришга эришилиб, таъминотчи корхоналар-нинг хизмат сифати янада яхшиланаётгани мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Юртимизда табиий газ, нефть, кўмир ва бошқа табиий бойликлар мамлакатимиз аҳолиси эҳтиёжларини бемалол қондира олади. Лекин бу ҳамма нарса етарли, ундан истаганча фойдаланса, исроф қилса ҳам тугамайди, дегани эмас. Жумладан, Мажбурий ижро бюроси туман бўлими ходимлари томонидан табиий газ ва электр тармоқларига ноқонуний уланишлар ва улардан белгиланган меъёрий тартиб-қоидаларга зид равишда фойдаланишга қарши курашиш борасида амалий ишлар олиб бориляпти. Хусусан, ўтган 2018 йил давомида энергия ресурслари ҳамда ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланган жами 219 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан тўпланган ҳужжат кўриб чиқилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда жазо тайинланди ва уларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди. Ҳуқуқбузарлардан ҳуқуқбузарлик оқибатида давлат манфаатларига етказилган 610,2 млн. сўм зарар суриштирув жараёнида ундириб олинди.
Таъкидлаш ўринлики, бу каби ҳолатларни аниқлаш ҳам ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Албатта, унинг ортида бюро ходимлари томонидан аҳоли орасида олиб борилган тушунтириш-тарғибот ишлари ва давлат инспекторларининг тиним-сиз меҳнати мужассам.
«Тома-тома кўл бўлур», -дейди доно халқимиз. Агар коммунал тўловлар вақтида тўланмас экан, бора-бора йиғилиб, ҳам жамиятга, ҳам рўзғорга каттагина зарар келтириши турган гап. Энг ёмони, онгли равишда қонунларни бузиш, ўзбошимчалик билан тармоққа уланиш ёки ҳисоб-китобсиз табиий бойликлардан фойдаланишга уриниш ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди.
Ш.ФАЁЗОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман бўлими бошлиғи, 1-даражали юрист.

