ТАВБАСИГА ТАЯНДИ

Ҳамюртимиз Д.Ш. эндигина 16 ёшга қадам қўйди. Умрнинг энг навқирон, гўзал ёшидир бу. Не-не орзу-умидлар оғушида парвоз қилади киши бу ёшда.

Аммо «қаҳрамон»имиз учун нохуш хотиралар билан эсда қоладиган бўлди бу давр. Бунга Д.Ш.нинг ўзи айбдор. Узоқ таниши А.К. телефон орқали синглисини безовта қилаётганини онасидан эшитган Д.Ш. «сурбет ошиқ»ни ўзича  жазолашга киришди. Холироқ жойда учрашув белгилаган икки ўспирин ўртасида жанжал кўтарилди. Охир-оқибат, Д.Ш.нинг муштидан мувозанатни йўқотган А.К. боши билан бетонга йиқилиб, жароҳат олди.

Д.Ш. ўзига келиб, қилган ишидан пушаймон бўлган пайтда А.К. аллақачон касалхонага ётқизилганди.

Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди. Суд Д.Ш.нинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, жабрланувчи билан ярашиб олгани ҳамда ҳали мактабни битирмаганини инобатга олиб, унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан энг кам ойлик иш ҳақининг 15 баробари миқдоридаги 3040950 сўм жарима жазоси тайинлади.

Абдураҳмон НИЗОМИТДИНОВ,

туман прокуратураси терговчиси.