ЖАСОРАТ УНУТИЛМАЙДИ
Босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд айлаб, эзгу ишларини давом эттириш – бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга хос азалий қадриятдир. Бугун дунёда минглаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Афғонистон уруши даҳшатли, қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди.Ушбу урушда Уйчининг тўрт юзга яқин мард ва жасур ўғлони қатнашиб, улардан 7 нафари қаҳрамонларча ҳалок бўлгани ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди. 35 нафари саломатлигини йўқотиб, ҳаётдан эрта кетди. Бугунги кунда жангчи фахрийларимиздан 338 нафари ҳаёт. Улар турли жабҳаларда самарали фаолият кўрсатиб, ҳамон юртимиз равнақига ҳисса қўшиб келаётгани эътирофга лойиқ.
14 февраль куни «Мустақиллик боғи»даги «Боғи эрам» тантаналар мажмуасида Ўзбекистон «Ветеран» жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил топганлигининг 25 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов йиғилганларни байрам билан самимий табриклаб, эзгу тилаклар билдирди.
Туман маданият бўлими томонидан бадиий дастур намойиш этилди.
Байрам арафасида хизмат даврида ҳалок бўлган етти нафар ҳамюртимиз хонадонига, улар таълим олган мактабларга туман ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари вакиллари ташриф буюриб, собиқ жангчилар хотирланди, руҳлари шод айланди. Бундай тадбирлар улар ўқиган 1, 3, 5, 8, 9, 10, 13-мактабларда ҳам уюшқоқликда ташкил қилинди.
Саидахон МИРЗАЕВА,
1-мактаб ўқитувчиси.

