КЎРГАЗМАЛИ ТАРЗДА

Ўнҳаят маҳалласида томорқадан унумли фойдаланиш бўйича кўргазмали туман семинари бўлди. Унда МФЙлар раислари иштирок этиб, ҳудуддаги иссиқхоналарни кўздан кечирдилар.

-Томорқа – катта хазина, -дейди Ўнҳаят маҳалласида яшовчи Абдувоҳид Маматхонов. -Йилига мана шу 2 сотихли иссиқхонамизда кўкат, саримсоқпиёз, редиска экиб, 8-10 миллион сўм даромад қиляпмиз. Албатта, меҳнатсеварлик, аҳиллик бор жойда барака бўлади. Катта-ю кичик фаолият самараси учун интилади. Кучини фойдали меҳнатга сарфлайди.

-Ҳудуддаги қайси хонадонга кирманг, томорқасида кўкат-резавордан тортиб, картошка, помидор, бодринг, лимону анжиргача етиштирилаётганининг гувоҳи бўласиз, -дейди ФЎЎБОФМ бўйича туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ғанишер Жўраев. -Кўплаб оилаларга тижорат банклари томонидан томорқа хўжалигини ривожлантириш, иссиқхона ташкил этиш, паррандачиликни йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар берилаётганлиги фуқароларни имкониятлардан оқилона фойдаланишга руҳлантирмоқда. Ҳар бир оила ўз рўзғорини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаши баробарида эҳтиёжидан ортганини бозорларга чиқариб сотмоқда.

Семинарда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов иштирок этиб, томорқадан унумли фойдаланиш бўйича тавсияларини берди.

Аброр САБАРАЛИЕВ.