СУНЪИЙ ҚОПЛАМАЛИ МАЙДОН

Аҳолининг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий ва қулай шароитлар яратиш, янги спорт иншоотлари қуриш ва мавжудларини таъмирлаш, болалар спортини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бояғон МФЙ ҳудудида сунъий қопламали минифутбол майдони фойдаланишга топширилди. Лойиҳа қиймати 450 миллион сўм бўлган 24х43 ҳажмли минифутбол майдони қисқа фурсатда барпо этилди.

Мазкур спорт мажмуасида кийиниш ва ювиниш хоналари мавжуд. Объектнинг фойдаланишга топширилиши билан 5 та янги иш ўрни яратилди.

-«Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси туман филиалининг 450 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи эвазига барпо этилган минифутбол майдони бизнес режамизнинг дастлабки босқичидан ўрин олган, -дейди майдон раҳбари, ёш тадбиркор Жавлон Камолов. -Келгусида тренажёр зали ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам барпо этишни режалаштирганмиз.

Минифутбол майдонининг очилиш маросимида туман ҳокимининг ўринбосари Раънохон Назарова иштирок этди ва сўзга чиқди.

Аброр САБАРАЛИЕВ.