МУШТУМЗЎРЛИК ОҚИБАТИДА

Коммунал тўловларнинг ундирилишида турли қонунбузарликлар, коррупция элементларига барҳам бериш, тўловларни ўз вақтида амалга ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида мажбурий ижро бюроси ташкил қилинган. Тўғри, тизимдаги ишлар барчаси рисоладигидек, дейишга бироз эрта. Ечимини кутаётган муаммолар ҳали учрамоқда. Бироқ ҳар қандай келишмовчилик, истеъмолчи ва МИБ ходими ўртасида юзага келган низони ҳал қилиш учун амалдаги қонунчилик мавжуд, ҳуқуқ органлари фаол иш олиб бормоқда.

Бироқ қаҳрамонимиз, наманганлик муштумзўр Ж.Ф. каби йўл тутиш, жилла қурса, нодонликдан ўзга нарса эмас. Хуллас Ж.Қ. унинг хонадонига келиб, табиий газдан қарздорлиги учун талабнома тўлдирмоқчи бўлган МИБ Наманган шаҳар бўлими давлат инспектори Р.Ж.га қаршилик кўрсатган. Оқибатда жанжал кўтарилган. Ўзини тута билмаган хонадон соҳиби текширувчини мушти билан «сийлаб», уйдан ҳайдаб чиқарган.

Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди. Суд айбланувчи Ж.Ф.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан бир йил синов муддат белгилаш жазосини тайинлади.

Ф.ШАРИПОВ,

жиноят ишлари бўйича туман суди  девонхона мудири.