БОБУР ИЖОДИДА ТАРБИЯ МАСАЛАЛАРИ

Халқимизнинг ўтмиши даҳолари ёқиб кетган маърифат, маънавият машъалалари Истиқлол туфайли юртдошларимиз, айниқса, билиму илмга иштиёқманд ёшларимиз қалбларини тобора чароғон этмоқда. Мутафаккирларимизнинг доно фикрлари маданиятимиз ривожида, ёшларнинг маънавий дунёсини янада бойитишда, уларни юксак инсоний ва ахлоқий фазилатлар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга моликдир.

Шу кунларда таваллудининг 536 йиллиги нишонланган ҳазрат бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг адабий мероси Шарқ, хусусан, Марказий Осиё халқлари ижтимоий-сиёсий фикрлар тарихи тараққиётига ижобий таъсир кўрсатди. Унинг асарлари жаҳон фани ва маданияти ривожига ғоят катта бойлик бўлиб қўшилди.

Бобур ижодида инсон ҳаётида зарур бўлган, унинг камолоти учун омил бўлувчи ахлоқ-одоб, тарбия, маънавият, маданият, мафкура масалалари кенг, таъсирчан, содда тарзда ёритилган. Айниқса, инсоннинг маънавий гўзалликка эришувида яхши тарбия муҳим аҳамият касб этишини чуқур ифодалаб берди.

Улуғ шоир таълим-тарбия мазмунини синг-диришда таъсир кучи юқори бўлган мақолалар, ҳикматли сўзлар, ибораларни ёзма ва оғзаки нутқда ўринли қўллаш, ибрат бўлиш, намуна кўрсатиш, насиҳат қилиш усулларини яхши билган ва уларни асарларида самарали қўллаган. Маълумки, қайси хонадонда ота улуғ-ланса, эъзозланса, унинг гапи икки бўлмаса, ўша уйда фарзандлар тарбияси рисолада кечади. Бобур буни шундай баён қилади:

Отанг чунки қибла дебтурлар,

Қибла янглиғ анга назар қилғил.

Ота оғритма, эй, отам, зинҳор,

Ота озоридин ҳам ҳазар қилғил.

Динимизда Каъба (қибла) қанча эъзозланса, фарзанд ҳам отани шундай эъзозламоғи лозимлиги уқтирилади. Ўғли Ҳумоюннинг отасига «Ҳазратим», -деб мурожаат қилиши ана шу тарбиянинг самараси, десак ўринли бўлади. Саркарда Бобур юришларда, жанг вақтида, йўл машаққатларида лашкарга ҳар жиҳатдан ўзи ибрат кўрсатиши, намуна бўлиши навкарларни сабр, чидам, довюраклик, шижоатга, мардликка ундайди. «Бобурнома»да ёзилишича, бир жангда тепаликдаги душман истеҳкомини эгаллашда иккиланиб турган беклар ва лашкарга намуна бўлиб, тепаликка  биринчи бўлиб от солади:

Навкарларим, бу таврдур не осиқ,

Не ишингга ярар, не ошқа қатиқ,

Охир от солдим, илгари юрудим,

Сурубон тоққа юққори юрудим.

Мени кўриб юруди эл доғи,

Қолди элдин кейинги қўрқоғи.

Албатта, ибрат кўрсатиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун шижоат, эпчиллик, ақл-идрок, тажриба бўлиши лозим. Бобурда намуна бўлиш учун ҳамма зарур жиҳатлар бисёр эди. Донишмандлар фикрича, ҳаёт курашлардан иборат. Ким курашмаса, ҳеч нарсага эришолмайди. Бобур асарларида кураш, енгиш, зафар қучиш мавзулари катта ижтимоий туйғу тарзида берилади. Ёшлар учун қадрли бўлган бу туйғулар олами ниҳоятда ранг-барангдир. Бу туйғуларда шодлик, ғам, завқ, тушкунлик, бахт, бахтсизлик, меҳр, қаҳрамонлик, вафо, садоқат, вафосизлик -ҳамма-ҳаммаси намоён бўлади.

Дунё адабий жамоатчилиги ҳайрат билан қарайдиган буюк бобомизнинг кичик фард рубоийларидан тортиб, йирик «Бобурнома»-гача бўлган асарларида замонамиз ёшларининг ақлий, маънавий, ахлоқий, жисмоний, қўйинг-чи, инсоний камолоти учун зарур бўлган, намуна бўлғуси жиҳатлар исталганча топилади. Ҳамма гап уни ўқиб, қидириб топишда ва ўзлаштиришда, ёшларимизга бу ишда сабр, заковат, саломатлик ёр бўлсин.

Ўринбой МЎМИНОВ.