ХИЗМАТИДАН ЭЛ МАМНУН
Мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилмоқда ва модернизация қилинмоқда, бу аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш имконини беряпти.
Туман Давлат хизматлари маркази биносидамиз. Бу ер фуқаролар, тадбиркорлар билан гавжум. Авваллари турли идораларга учраб, соатлаб навбат кутиб, вақт йўқотилар эди. Ҳозир тамоман бошқача. Юзга яқин давлат хизматлари шу ернинг ўзида кўрсатилади. Масалан, олдин болаларни мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича ариза бериш, газ тармоқларига уланишга техник шартларни олиш, электр тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш, объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш, қурилиш-монтаж ишларига рухсат бериш каби кўплаб давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, эндиликда турган жойи бўйича прописка қилиш, пропискадан чиқариш, ҳисобга олиш, вақтинча яшаш (прописка) учун рухсатномаларни бериш ва муддатини узайтириш, ҳарбий ҳисобга қўйиш, электр энергияси, табиий газ, сувни ҳисобга олиш (ҳисоблагич) ускунасини ўрнатишга ва ечишга ариза бериш, текширишга бериш каби хизмат турлари ҳам кўрсатила бошланди.
Хушмуомалалик, хизмат кўрсатиш маданиятининг юқори бўлиши бу ерда ишловчи ҳар бир ходимнинг шиорига айланган. Бинога киришингиз билан туман Давлат хизматлари маркази директори Нодирбек Дадахонов сизни қарши олади ва мурожаатингиз бўйича мутахассисларга йўналтиради. Ҳар бир мутахассис ўз йўналиши бўйича етарли малакага эга. Айниқса, бўлим бошлиғи Шокиржон Юлчибаев ана шундай фидойи ходимлардан бири. У ҳар бир мижозга намунали хизмат кўрсатиш билан бирга, турли йўл-йўриқ, маслаҳатлар беради, қабул қилинган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қилади.
Бу «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган улуғвор ғоянинг сўзсиз амалда намоён бўлаётганининг ёрқин далилидир.
Умиджон СУЛТОНОВ,
Тошлоқ МФЙ масъул котиби, жамоатчи мухбир.

