ҲУРМАТ ҚОЗОНИБ…

Туман Давлат хизматлари маркази бугунги кунда фуқаролар ва тадбиркорлар учун энг қулай, тезкор ҳамда хизмати беминнатлиги билан ишончни қозонмоқда, десак муболаға бўлмас. Бунга марказга ташрифимиз чоғи яна бир бор шоҳид бўлдик.

Марказда ишловчи ҳар бир мутахассиснинг қўли қўлига тегмайди. Мутахассислар замонавий жиҳозлар ва техника воситалари билан таъминланган. Эшикдан кирибоқ, биринчи ойнада ҳар бир мижозга хушмуомалалик билан жавоб қайтараётган аёл эътиборимизни  тортди. Бу мутахассис Дилбархон Мирзаева экан.

Опанинг эгнидаги Давлат хизматлари маркази ёрлиғи туширилган либос, очиқ чеҳраси, самимийлигини кўриб, ҳавас қиласиз. Кимдир лойиҳа смета ҳужжатларини келишиш бўйича мурожаат қилса, яна кимдир қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсатнома олиш, архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича қатор саволлар беради. Опа ҳар бир фуқарони тинглаб, саволига  жавоб қайтаради, тушунмаганларини қайта тушунтиришдан эринмайди. Ишини пишиқ-пухта бажаришга ўрганган.

Шу кунларда Уйчи шаҳарчасида барча шарт-шароит ва қулайликларга эга бўлган туман Давлат хизматлари маркази учун янги бино қурилиши бошланибди. Агар  мазкур бино фойдаланишга топширилса, бу марказ ходимлари учун ҳам, фуқароларга ҳам ҳар томонлама қулай бўлади.

Марказда Дилбархон Мирзаевадек касбининг жонкуярлари сафи кенгаяверсин.

Муҳаммад АЛИ.