ЭРТАСИ ЁРУҒ, ИСТИҚБОЛИ ПОРЛОҚ
Баҳорни уйғониш, янгиланиш фасли, дея таъриф беришади. Кўкламнинг илк кунларини вилоятимиз аҳли ўзгача шукуҳ ва кўтаринкиликда қарши олди. Бу Юртбошимизнинг Наманган диёрига ташрифлари билан чамбарчас боғлиқ.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтган йиғилишда иштирок этар эканман, мамлакатимиз раҳбарининг вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб берган устувор вазифалари янги тараққиёт уфқларини очишига комил ишонч ҳосил қилдим.
Юртбошимиз таъкидлаганларидек, Наманган азалдан тадбиркор, уддабурон халқи билан донг таратган юрт. Бироқ, бугун бевосита ҳукуматимиз томонидан хайриҳохлик билдирилаётган, ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган ишбилармонлик, тадбиркорликни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, арзон ва сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, уларга хориждан харидорларни топиш, пировардида аҳоли турмуш фаровонлигига эришишда имкониятлардан етарли фойдаланилмаётгани ойдинлашди. Вилоятимизда бугун етакчиликка кўтарилган тикув-трикотаж, чарм-поябзал, қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳалари қаторига қолган бошқа тармоқларни тортиш вазифаси долзарб бўлиб турибди. Буларни эътиборга олган ҳолда «Ҳар бир оила тадбиркор», «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари бўйича маблағлар ажратилиши маълум қилинди. Давлатимиз раҳбарининг «2019 йил – Наманган йили бўлади» -деган ибораларининг ўзиёқ, уларнинг биз, наманганликларга бўлган юксак ишонч, чексиз меҳр ва муҳаббатларининг нишонасидир. Ўйлайманки, ушбу сўзлардан руҳланган ҳамюртларимизнинг қалбларида бугун ўзгача бир шижоат, жўшқинлик, яратувчанликка йўғрилган қувват пайдо бўлади. Наманганнинг эртаси ёруғ, истиқболли. Чунки унда яратувчан халқ бор, жаннатмонанд макон бор, фаровонлик сари етаклаган Йўлбошчи бор.
Зулхумор КАРИМОВА,
туман Кенгаши депутати, 29-мактаб директори.

