БЕРИЛГАН ИМКОНИЯТНИ СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛГАЧ…
Ҳамюртимиз Ж.Қ. Ўзбекистон Республикаси чегарасини бир гуруҳ шахслар билан бирга бузиб ўтганди. Ушбу ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят ишини кўриш вақтида пушаймон бўлиб, кечирим сўрагани учун суд томонидан жазо тайинлашда инсонпарварлик, одиллик принциплари асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганди. Ж.Қ. дастлаб ишга жойлашди, жазони ўтаб, иш ҳақидан давлат даромади ҳисобига суд ҳукмида белгиланган чегирмаларни ўтказиб борди. Бироқ кейинчалик турли баҳоналар билан ишдан бўшаб, жазони ўташдан бўйин товлай бошлади.
Туман ИИБ бошлиғи Ж.Қ.га тайинланган суд ҳукмидаги жазонинг ўталмаган қисмини бошқа жазога алмаштириш ҳақидаги тақдимномаси судда кўрилиши вақтида Ж.Қ. оилавий аҳволини айтиб, пушаймонлик билдиргани сабабли, суд унга яна бир бор имкон бериб, ўталмаган жазосини озодликни чеклаш жазосига алмаштириш ҳақида ажрим чиқарди.
Аммо Ж.Қ. берилган имкониятдан фойдаланиш ўрнига яна қасддан жазони ўташдан бўйин товлаб, суд ажримида белгиланган чеклашларни бузгани, яшаш манзилини ўзгартириб, ИИБга бу ҳақда хабар бермай келгани учун туман ИИБ томонидан киритилган навбатдаги тақдимнома у судга келишдан бўйин товлаб, яширингани сабабли, унинг иштирокисиз сиртдан кўрилди, ўталмай қолган жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинди.
Ж.МАМУРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.

