АРОҚНИНГ ҚИЛМИШИ

Алкоголни бежиз «шайтон суви» демайдилар. У ҳеч қачон ҳеч кимга фойда келтирмаган. У соғни касал, дўстни душман, юзни шувут, оилани барбод қилади.

Ўтган йили 27 ноябрда Зиёкор МФЙда жойлашган умумий овқатланиш шохобчасида спиртли ичимлик ичиш оқибатида йўқ ердан жанжал чиқди. Аввало, уч нафар мижоз Қ.Д., В.С., Т.Қ.лар ошхонада тамадди чоғида бир-бирларини ароқ билан «сийлашди». Сўнг ошхона ходимлари билан «ғиди-биди» бошлашди. (Кечки овқатни оила даврасида, бола-чақа билан тановул қилишга не етсин!)

Ошхона бошқарувчиси Б.Р. (масъул бўла туриб, «бироз отиб» олган ҳолда) келишмовчиликка аралашди. Ароқ ишини қила бошлади: асаблар таранглашди, ўзаро ҳурмат йўқолди, муштлар ишга тушди, ёлғон авжга чиқди, бир неча оила безовта бўлди. Натижада икки киши ўртача оғир тан жароҳати олди, уч киши қасддан жиноят содир этиш йўлига кириб, жамиятда умумэътироф этилган юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан жиноят содир қилди. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 1-қисми; 2-қисми «а» ва «в» бандлари билан айблов хулосаси эълон қилинди. «Шайтон суви»га қонганлар қилмишларига яраша жазо оладиган бўлдилар.

Агар ароқ ичишмаганда, бундай кўнгилсизликлар бўлмас эди.

Раҳматилло АБДУРАҲМОНОВ,

туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими суриштирувчиси, лейтенант.