ШУНДАЙ ЯШАР ОДАТДА ОДАМ
Яхшилик ва ёмонлик ҳақида гап кетса, беихтиёр шоирнинг қуйидаги сатрлари ёдга келади:
Одамлар бор – йиқилганни суяб қўяркан,
Одамлар бор – бир гап билан бўяб қўяркан.
Одамлар бор – бутун умри фалсафа, ғоя,
Одамлар бор – бутун умри сафсата, соя…
Мазкур сатрларни эсласам, кўз олдимда ҳамкасбимиз, моҳир педагог, жонкуяр жамоатчи, «бутун умри фалсафа, ғоя» бўлган меҳрибон устоз Саломатхон Юнусова гавдаланади. Бу опамиз узоқ йиллардан бери комил инсон тарбиясида ғоят муҳим бўлган она тили ва адабиёт, миллий истиқлол ғояси фанларидан ёшларга сабоқ бериб келмоқдалар. Ҳар бир дарсни ноанъанавий ва инновацион усулларда ташкил этиш, ўқувчиларда ижодий фикрлаш, миллий қадриятларни англаш, маънавиятни юксалтириш борасида устоздан ҳар қанча ўргансак, арзийди.
Эътибор беринг, Саломатхон аянинг 2017 йили «Йил ўқитувчиси» танловининг туман босқичида ғолиб бўлиши, МИҒ фанидан «Маънавият – инсон ва жамият маданиятининг негизи» мавзусини ўқитиш бўйича тажрибасининг вилоят миқёсида оммалашуви, 2018 йилда она тили ва адабиёт фанини ўқитишда компетенсиявий ёндашув бўйича методик қўлланмадан «З.М.Бобур ҳаёти ва ижоди» номли дарс ишланмасининг ўрин олиши ва бошқалар устознинг юксак педагогик салоҳиятидан дарак беради. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Устоз мактаб хотин-қизлар кенгаши раҳбари, Янгичек МФЙ қошидаги яраштирув комиссияси аъзоси, маҳалла отинойиси сифатида ҳам самарали фаолият олиб борадиларки, бу фаолият аянинг мактаб хотин-қизларининг энг яхши сирдошига, маҳалла аҳлининг самимий маслаҳатгўйига айлантирган.
Тан берадиган жиҳати шундаки, Саломатхон опа шунча ишлардан ортиб, айни кунларда Наманган шаҳридаги «Ёрқин келажак» ўқув марказида араб тилини ўрганиш бўйича сабоқ оляптилар. Сабабини сўрасак: «Араб тили мумтоз адабиётимизни ўқитиш учун, муқаддас китобларимиз мутолааси учун ғоят зарур. Қолаверса, Аллоҳ Ҳаж зиёратини насиб этса, араблар билан уларнинг тилида мулоқот қилгим бор», -деб жавоб бердилар.
Меҳрибон устозимиздан оилапарварликни ҳам ўрганамиз. Улар тўрт фарзанд, тўққиз набирани намунали тарбия этиб келмоқдалар.
Муҳтарама опамизни жамоамиз номидан баҳорий айёмлар ва яқинда 54-баҳорни қарши олишлари муносабати билан қизғин муборакбод этамиз. Устозга узоқ ва мазмунли умр, бахт, хотиржам ҳаёт тилаймиз.
Гулчеҳра ЎРИНБОЕВА,
31-мактаб ўқитувчиси.

