МАРТ – «СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНТИРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ОЙЛИГИ»
Туман мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларни хавфсиз ва соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишларни такомиллаштириш ҳамда МТМ ошхоналарида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш, санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирлар самарадорлигини ошириш, овқат тайёрлаш учун масъул ходимлар (ҳамширалар, ошпазлар ва омбор мудирлари)нинг билимларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув семинарлар ташкил этилмоқда.
Куни кеча туман МТМнинг маънавий-ахлоқий тарбия ишлари ва реабилитация бўлими шўъба раҳбари Бахтиёр Жўраев билан 2, 6, 31, 34-мактабгача таълим муассасаларида бўлиб, таом тайёрлаш жараёни, озиқ-овқат омбори ишини тўғри ташкил этилганлиги, тарбияланувчилар овқатлантирилишида санитария-гигиена талаблари ва қоидаларининг бажарилишини кўздан кечирдик.
МТМ ошхоналарининг технологик жиҳозлари, совиткичлари, ошхона жиҳозлари, омборхонада маҳсулотларни сақлаш шароитларининг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослиги эътиборга молик.
-Муассасамизда болажонларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш мақсадида овқат тайёрлаш технологияси, етказиб борилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатлилиги доимий назоратимизда, -дейди 34-МТМ мудираси Мадина Юсупова. -Олдинлари бундай шароит йўқ эди. Бугунги кунда жажжиларимиз соғлом камолга етиши учун барча шароит муҳайё. Эрталаб нонуштага сутли бўтқалар, тушлик ва кечкига витаминларга бой ёрмали, тифтелли таомлар, балиқ котлетлар, турли хил салатлар, сут, компот, қуймоқ, пишлоқ берилмоқда.
Нилуфар ИСМАНОВА,
33-МТМ тарбиячиси.
Суратларда: соғлом овқатланишни ташкил этиш жараёнидан лавҳалар.

