ОБОДЛИК КЎНГИЛДАН БОШЛАНАДИ

Туман ободонлаштириш бошқармаси тасарруфида 84 та қабристон бўлиб, бугунги кунда шундан 55 таси фаолият кўрсатмоқда. 29 тасининг фаолияти тўхтатилган. Мавжуд 42 та қабристонда кенг кўламда ободонлаштириш ишлари олиб борилиши талаб этилади.

8 март куни Даҳиякота қабристонида бўлиб ўтган туман кўргазмали семинарида ободонлаштириш ишларини ташкил этиш, қаровга муҳтож бўлиб қолган қабристонларда ҳашарлар уюштириш ва бу борада фаолларнинг ташаббускорлиги ҳақида сўз борди.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, кейинги вақтда Даҳиякота қабристонида катта ҳажмда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Айниқса, Латифжон Турсунов бошчилигида маҳалла аҳлининг юксак уюшқоқлиги, 24-мактабни 1970-2000 йилларда тамомлаган собиқ битирувчиларнинг хайрли ташаббуси эътиборга молик. Ҳашар йўли билан қилинган ишлар талайгина. 2,5 гектар майдон собиқ битирувчиларга бўлиб берилгани боис ҳар бирида кўзга кўринарли даражада иш бажарилди. Янги йўлаклар чиқарилди. Симёғоч, ўриндиқлар ўрнатилди. Тунда ҳам қабристон чароғон. Туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан 200 туп манзарали кўчат ўтқазилди. Эндиги навбат қабристон деворларини мустаҳкамлаш, таъмирлашга.

Яна бир эътиборли жиҳати, қабристонга ёнма-ён жойлашган Даҳиякота масжиди ва зиёратгоҳида ҳам бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Келгусида бу ерда зиёратчилар учун бир қатор қулай шарт-шароитлар яратилиши кўзда тутилган.

Тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, туман ободонлаштириш бошқармаси ишчи-ходимлари иштирокидаги семинарда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов сўзга чиқиб, галдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди. Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев, туман бош имом хатиби Исроилхон Қирғизбоев, туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Султонмаҳмуд Акраловлар қабристонларда ҳашарлар уюштириш, бунда барчанинг фаол иштирокини таъминлаш, қабристонларда қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида мулоҳазалар билдирдилар.

Даҳиякота масжидида уюштирилган дастурхон атрофида эзгу тилаклар билдирилиб, дуои фотиҳалар қилинди.

Муҳаммад АЛИ.