ФУҚАРОЛАР ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИГИНИНГ ИШОНЧЛИ КАФОЛАТИ

Республикамиздаги барча судьялар иштирокида 2017 йил 13 июнь куни суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва келгусидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев жамият ҳаётида қонунийликни, айниқса, адолат устуворлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида айнан суд тизимида қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг асосли, адолатли ҳамда қонуний бўлишига эришиш, судларнинг чинакам мустақиллиги ва одил судловга аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Юртбошимизнинг 2018 йил 13 июлдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳар томонлама пухта ва чуқур ўйланган ғояларга асосланиб, тизим нуфузини ошириш, судларни ихтисослаштириш билан бирга, халқ, унинг тақдири, ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилишнинг юксак ифодаси бўлди.

Фармонда таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида суд тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, судьяларни танлаш ва жой-жойига қўйиш тартибини такомиллаштириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарори чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Шу билан бирга, ушбу ҳужжатда қайд этилганидек, суд ҳокимияти органлари фаолиятининг таҳлили улар зиммасига юклатилган вазифаларни самарали амалга оширишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Хусусан, судларнинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлари қониқарсиз даражада ташкил этилганлиги суд фаолиятини лозим даражада ёритиш имконини бермаяпти ҳамда суд ҳокимиятига ишончнинг пасайишига олиб келмоқда.

Судлар фаолиятидаги ошкоралик, очиқлик ҳам бевосита адолатли қарорлар чиқарилишига ва натижада эл-юрт наздида, суднинг нуфузи ошишига сабаб бўлди. Хулоса ўрнида айтганда, судларнинг бугунги асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантиришдан иборатдир.

А.ҒАППОРОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят судининг судьяси.