ЖИНОЯТ ТУЗОҒИГА ИЛИНМАНГ

Ҳаётий воқеалардан хулоса қилиб айтиш мумкин: одам савдоси билан шуғулланувчилар фирибгарлик, мажбурлаш ва бошқа жиноий воситалардан фойдаланган ҳолда заиф, ҳимояга муҳтожларни ўз домига тортишади. Янада фожиали томони – жиноятчилар содда аёлларимизни чет элларга сотиб юбормоқда. Бировнинг бахтсизлиги эвазига бойлик орттираётганлар ўз кирдикорларини яшириш мақсадида одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларни имкон қадар эътибордан четда тутишга, яъни, уларни ноқонуний йўллар билан хорижга олиб чиқишга, ҳужжатларни қалбакилаштиришга ҳаракат қилишади. Масаланинг яна бир нозик жиҳати шундаки, бу қабиҳ савдонинг қурбонлари ноқонуний хорижга чиққанлиги фош бўлишидан чўчиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга мурожаат этмайдилар. Бу ҳолат одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларнинг жавобгарликдан қутулиб қолишларига ҳамда жиноий фаолиятини давом эттиришларига шароит яратади.

Азизлар, аввало, ҳар бир ишни ақл тарозисида ўлчаб, давлатимиз қонунларига, инсонийлик шаъни-ю талабларига қай даражада жавоб беришини чуқур мулоҳаза қилиб, кейин қўл уришга одатланайлик. Атрофимиздагилар, яқинларимиз, ҳамюртларимиз тақдирига бефарқ бўлмайлик.

Абдулхай ХОДЖАЕВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаменти катта инспектори.