ИБРАТЛИ ИШЛАР
Мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 июндаги «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги 5466-сонли Фармони ижроси юзасидан туманимизда ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Ёшлар тадбиркорлиги, фермерликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим-тарбияси, соғломлаштириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ишсизликни камайтириш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган «Йўл харита»си ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланмоқда.
Шунингдек, ушбу дастур бўйича жорий йилга жами 41 нафар ёш ташаббускорнинг бизнес лойиҳаси манзилли рўйхатга киритилган бўлиб, 8 млрд. 65 млн. сўмлик, шундан 34 таси ишлаб чиқариш (6 млрд. 695 млн. сўм), 4 таси хизмат кўрсатиш (880 млн. сўм) ҳамда 3 таси қишлоқ хўжалиги соҳасига (480 млн. сўм) тўғри келади. Мазкур лойиҳалар амалга оширилса, туманимиз ёшларидан 369 нафарининг бандлиги таъминланишига эришилади.
Туманимиз ёшлари ўртасида илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият, адабиёт ва санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳалари ҳамда бошқа жабҳаларда жонбозлик кўрсатиб келаётган ёшларимиз бисёр. Шундай ёшларимиздан «Ниҳол» мукофоти соҳиби Бекзод Баҳромов, спортнинг белбоғли кураш спорт тури бўйича бир неча халқаро мусобақалар ғолиби, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган «Универсиада» спорт мусобақаси совриндори Бахтиёр Турғунпўлатов, спортнинг шу тури бўйича жаҳон чемпионати ғолиблари Моҳигул Иброҳимова, Зебо Носирова, эркин кураш спорт тури бўйича 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган олимпиада ўйинларига асосий номзод Муслимбек Абдурашидовларнинг натижаларини фахр билан тилга олиш мумкин.
Азамат АБДУРАҲМОНОВ,
туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.

