КИТОБХОНЛИККА ҚИЗИҚТИРИБ…
Мактаб таълими боланинг нафақат келажагига, балки дунёга қандай нигоҳ билан қарашига ҳам катта таъсир ўтказади. Бола илк бор мактабга қадам қўяр экан, ота-онани қизиқтирадиган ва айни дамда хавотирга соладиган муҳим масала фарзандининг қандай ўқитувчи қўлида таҳсил олишидир. Чунки айнан бошланғич синф ўқувчисининг ҳар жиҳатдан ривожланиб, ҳаётий қарашлари шаклланиши учун муҳим давр ҳисобланади.
Минглаб қалбларга эзгулик уруғини қадаган, Ватанни севиш, ота-онани эъзозлаш туйғуларини шакллантирган таълим-тарбия жонкуярлари бугунги кунда бизнинг мактабимизда ҳам заҳматли ва шарафли касблари орқали қадр топмоқдалар. Бошланғич таълим ўқитувчиси фаннинг барча йўналишларидан атрофлича билимга эга бўлиши, уларни узвий боғлаган ҳолда умумлаштира олиши зарур. Кичик мактаб ёшидаги ўқувчилар билан ишлаш ўқитувчидан сабру ирода, юқори психологик тайёргарликни талаб қилади. Ўқувчиларнинг фаоллигини оширишда тадбирларни мавзуларга ажратиш мақсадга мувофиқдир.
Яқинда мактабимизда «Бошимизда офтоб бор, қўлимизда китоб бор» номли тадбир ўтказилди. Ушбу тадбирда мактабга илк қадам қўйган 1-«Б» синф ўқувчиларининг 6 ой давомида олган билим ва кўникмаларини саҳна кўринишлари, савол-жавоблар, куй-қўшиқ, рақс ва шеърий чиқишлар, шунингдек, чет тилидаги ижро намуналарини саҳнада намоён қилдилар. Тадбир барчага манзур бўлди.
Заҳрохон ИБРОҲИМОВА,
22-мактаб бошланғич синф ўқитувчиси.

