БОҒЛАРДА БАҲОР
Олмурут маҳалласида жойлашган Умиджон Иброҳимов бошчилигидаги боғда иш қизғин.
-Янги боғ ташкил қилганимизга бу йил учинчи йил, -дейди Умиджон. -Отам Каримжон Иброҳимов бошчиликларида 800 туп мевали кўчат ўтқазгандик. Бу йил ҳосилга киради. Боғимизда 7 киши доимий иш билан таъминланган.
Ғайратда санъаткор Иброҳимжон Неъматовлар сулоласини кўпчилик яхши танийди. Сулола давомчилари Каримжон ака кимё-биология фанлари ўқитувчиси, хушовоз санъаткор, Комилжон Неъматов таниқли хонанда. Каримжон ака бошлаган хайрли ишларни бугунги кунда ўғли Умиджон давом эттирмоқда.
Олмурут маҳалласининг Наврўз байрами боғ ёнида ташкил этилди. Бутун маҳалла аҳли йиғилган тадбирда сўз олган Каримжон ака: «Бу боғ маҳалланики, биринчи меваси ҳам, сизлардан ортса, кейин бозорга олиб чиқамиз», -деди.
Бу фикрларни эшитиб, боғ ҳақиқий эгасини топгани, меҳр-оқибат, саховат каби олижаноб фазилатлар давом этаётганидан беҳад қувондик.
Таниқли хонанда Умиджон Қорабоев, туман маданият бўлими «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари Сирожиддин Тўрабоев, Ривожиддин Шамсиддиновлар ижросидаги қўшиқлар барчага кўтаринкилик бағишлади.
Муҳаммад АЛИ.

