ЗИЁРАТДАН КЎНГИЛ ОБОД
Республика «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими ташаббуси билан Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари бўйлаб вилоятимиз фахрийларининг саёҳати уюштирилди. 40 нафар зиёратчи ҳамюртимиз орасида туманимиздан мен билан Ҳожалхон Бойчабоева, Раънохон Мирзаева ҳам бор эди.
10 май куни эрта тонгда пойтахтга йўл олдик. Уч кунлик зиёрат сафаримиз чоғида гўзал диёримизнинг энг сўлим гўшаларида бўлиб қайтдик. Тошкентдаги «Минор», «Хасти Имом», Яшнабод туманидаги «Ислом ота» жоме масжидларида бўлдик, янги қад ростлаган иншоотларни кўздан кечирдик. Самарқанддаги илк зиёратимизни Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрларини зиёрат қилишдан бошладик. Сўнгра «Шердор», «Тилла кори», «Бибихоним», «Гўри Амир» тарихий обидалари, “Улуғбек расадхонаси”га саёҳат уюштирдик.
Саёҳатимиз таассуротларга бой, эсда қоларли, сермазмун ўтди. Нуроний онахонларимиз қўлларини дуога очиб, бизга юксак ҳурмат-эҳтиромда бўлган, юртимиз тинчлиги, ободлиги, гуллаб-яшнаши, аждодларга бўлган ҳурмати, шундай жаннатмакон юртда туғилиш, ўқиш, изланиш, меҳнат қилиш ва ўз навбатида, маданий-маърифий дам олишимиз учун яратиб берилаётган шарт-шароитлардан муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевга, вилоятимиз ҳокими Хайрулло Бозоровга, туман раҳбарлари, барча ташкилотчиларга чуқур миннатдорчилик билдиришди.
Илоҳим, барча эзгу ниятни қалбида жо қилган ташкилотчи юртдошларимизнинг ташаббускорлиги асло сўнмасин.
Раънохон КАМОЛОВА,
Жийдакапа қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси.

