ОПА-СИНГИЛ ЧЕМПИОНЛАР

Гулмира ва Моҳинур Бозоровалар спортнинг кикбоксинг тури билан шуғулланиб келишади. Гулмира уч карра Ўзбекистон чемпиони, Моҳинур бу номга икки карра сазовор  бўлган.

Опа-сингиллар тумандаги 30-мактабда билим олишади. Уларнинг интилувчанлиги, эпчиллигига ҳавас қилса арзийди. Опа-сингиллар вилоят, республика, халқаро мусобақалар совриндорлари. Қувонарлиси, улар жорий йил Қирғизистон Республикасида бўлиб ўтган кикбоксинг бўйича бешта давлат иштирокидаги халқаро турнирда ўз вазн тоифаларида фахрли биринчи ўринни эгаллашди. Гулмира финал босқичида қозоғистонлик рақибини ўн беш сонияда нокаутга учратиб, барчани ҳайратга солди. Бу ғалабалар опа-сингилларга 16 апрелда Қирғизистонда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида қатнашиш имконини берди.

-Қизларимизда ғалабага бўлган иштиёқ кучли, -дейди мураббий Замира Комилова. -Кикбоксинг ҳам қўлда, ҳам оёқда куч мустаҳкам бўлишини талаб этади. Спортчи бунда ғалаба қозониши учун маҳоратни ошириб бориши керак.

-Орзуимиз Осиё, жаҳон чемпионатларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиш. Бу биз учун шараф, -дейди Гулмира ва Моҳинур Бозоровалар.

Мамлакатимиз шаънини ҳимоя қилишга аҳд қилган бу спортчи қизларга омад ва зафар ёр бўлишини тилаймиз.

Аброр САБАРАЛИЕВ.