ДИЛЛАРГА ҚУВОНЧ ВА СУРУР БАХШ ЭТИБ…

Дунёда бир-биридан  ажойиб байрамлар кўп. Лекин улар орасида Наврўз айёми ўзининг қадимийлиги, табиатимизга уйғунлиги ва гўзаллиги, маъно-мазмунининг теранлиги билан бошқалардан ажралиб туради.

Қумтепа маҳалласидаги Наврўз Жийдакапа қишлоғи аҳлининг ҳақиқий сайлига айланди, десак, муболаға бўлмас. 24 март куни  эрта тонгдан янграган карнай-сурнай наволари барчани сайилга чорлади. Шу куни 18-мактаб ҳовлисига мингдан ортиқ одам йиғилди. 11 та кўча вакиллари томонидан байрам дастурхони ёзилди, миллий қадриятларимиз акс этган кўргазмалар қилинди. 10 та дошқозонда ош дамланди. Мактаб ўйингоҳи ўртасига ўрнатилган бежирим саҳнада таниқли хонандалар Жалолиддин Усмонов, Шавкат Ҳамдамовларнинг дилрабо қўшиқлари янгради.

Ғайрат, Янгиобод, Хилватий кўчаларининг боши ҳисобланган Маҳмуда Халилова, Гулчеҳра Мирзараҳимова, Зайнабхон Расуловалар бошчилигидаги хотин-қизларнинг фаоллигини айтмайсизми? Андижон кўчасида яшовчи Мавлудахон Йўлдошева саховат кўрсатиб, бир неча оилалар, беморлар ҳолидан хабар олинди, йўқловлар уюштирилди. Маҳалланинг ташаббускор раиси Иброҳим Абдураҳимов, масъул котиб Муҳайё Йўлдошева, мутахассис Раънохон Асраевалар, фаоллардан Абдулҳофиз Собитов байрам тадбири юксак уюшқоқликда ўтишида жонбозлик кўрсатдилар.

Сайилга ташриф буюрган Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев, туман ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари Ғайратжон                    Ғаниевлар самимий тилаклар билдиришди.

– Ғайрат маҳалласининг «Гулбаҳор» кўчасидаги Шарифахон ва Ғофиржон Эгамбердиевлар хонадонига ташриф буюрганимизда, байрам энди авжига чиқаётган экан. Жамилахон, Ҳабибахон, Ханифахон опалар бошчилигида сумалак тайёрлаётган қиз-жувонлар тансиқ таом сирларини ўрганишмоқда.

-Cоғлом турмуш тарзини шакллантириш, спортнинг оммавийлигини таъминлаш мақсадида марафон ўтказишни ҳам режалаштирганмиз, -дейди тадбир ташкилотчиларидан Дилдора Темирова. -Унда ёшлар билан бирга катталар ҳам қатнашишади.

Маҳалла зиёлиларидан Илҳомжон Холмирзаевнинг маънавият, меҳр-оқибат, бола тарбияси ҳақидаги фикрларини барча эътибор билан тинглади. Нуронийлар дуои фотиҳалар қилиб, соғлик, омонлик, тинчлик ва келгуси Наврўзни ҳам шодумонликда кутиб олишни тиладилар.

– Ҳуррият маҳалласининг «Навбаҳор» кўчаси аҳли бу йилги Наврўзни ўзгача кутиб олди. Унга бир вақтлар маҳаллада истиқомат қилиб, янги тураржойларга кўчиб ўтган қадрдонлар ҳам таклиф этилди. Ўктамхон Иброҳимова хонадонида уюштирилган тадбирда улар дийдорлашиб, эзгу тилаклар билдиришди.

– Раънохон Қориева раҳбарлигидаги «Барногул зиё файз» фермер хўжалиги миришкорларининг ҳам ниятлари пок. Деҳқончиликнинг бошланиши олдидан фермер хўжалиги шийпонида ташкил этилган байрам тадбирига аъзолар билан бирга собиқ Навоий номли ширкат хўжалигида фаолият юритган қишлоқ хўжалиги фахрийлари ҳам ташриф буюришди. Уларни туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаевлар байрам билан табриклашди, пенсияга чиқаётган сувчи Рустамжон Боймирзаевга эсдалик совғасини топширишди.

Умиджон СУЛТОНОВ.