ЖАҲЛ ОТИНИ ЭГАРЛАГАНЛАР
Спиртли ичимлик истеъмолининг яна бир офати шундаки, юзага келадиган кўнгилсиз-ликларнинг асосий сабабчиси айнан ичкилик бўлиб хизмат қилади.
Қишлоқда тўй бўлса, ёшу қари бирдай кўчиб боради. Жийдакапалик Маликжон Ғофуров (исм-фамилияси ўзгартирилган) тоғасининг тўйидан барвақтроқ қайтди. Боиси у мастлигидан хатти-ҳаракатини назорат қила олмас даражага етганди.
Бироз ўзига келгач, уйида ухлаётганини англаб етди. Йўл-йўлакай ҳамқишлоғи Носир Комилжоновнинг хонадонига кирганини, яна бир таниши Абдумутал Турсунхўжаевни ҳақорат қилганини умуман эслолмасди. Бу икки таниши излаб келганини онаси сўзлаб берганда, мастлигида бўлиб ўтган воқеаларни эслашга уриниб кўрди. Лекин идрок қилолмади.
Тун қоронғусида шахсий автомобилида кўчага отланди. Муюлишдаги тижорат дўконига тўхтаганида у ерда Носир билан Абдумутални кўриб қолади. Ғазаб отига минган икки «жабрдийда» айбдорни ўзбошимчалик билан жазолашга тушишади. Ўртада ур-йиқит бошланиб, тез орада Маликжон ерга қулайди.
Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида атрофлича кўриб чиқилди. Муштумзўрлар Носир ва Абдумутал ўз хатти-ҳаракатларидан пушаймонликлари, ҳозирда жабрланувчи билан ярашиб олганликларини билдириб, суддан енгиллик беришни сўрадилар.
Юқоридагиларни инобатга олиб, суд айбланувчилар Н.Комилжонов, А.Турсунхўжаевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топди. Уларнинг ҳар бирига ойлик маошининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
Қодирхон АСҚАРОВ,
туман прокурори.

