«ОБОД ҚИШЛОҚ»ДАГИ МАКТАБ
1934 йилда ташкил топган 8-мактабнинг биринчи ўқув биноси 1972 йилда, иккинчи ўқув биноси 1980 йилда қурилган бўлиб, кейинги вақтда бино капитал таъмирга муҳтож бўлиб қолган эди. «Обод қишлоқ» давлат дастури асосида мактабга 3 млрд. сўм маблағ ажратилиб, мазкур даргоҳ бугун тамоман ўзгача қиёфага кирди.
Рустамжон Холмирзаев бошчилигидаги «Шайдуллохон қурилиш» МЧЖ томонидан мактабда таъмирлаш ва қурилиш ишлари амалга оширилиб, шарт-шароитлар яхшиланди. 1020 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган мазкур мактабда ишловчи юзга яқин ўқитувчи ва ишчи-ходимлар самарали фаолият юритишлари учун замонавий шароитлар яратилди.
Мактабни фойдаланишга топширишга бағишланган тантанада туман ҳокимининг ўринбосари Азамат Абдураҳмонов, меҳнат фахрийси Эргашбой Хўжахонов, мактаб ўқувчиси, белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпиони Зебо Носировалар сўзга чиқиб, бу маскан кўплаб илмсевар ёшларни камолга етказишига тилак билдирдилар. Қурувчиларга эсдалик совғалари топширилди. Мактаб директори Мўътабар Жамолиддинова рамзий калитни қабул қилиб олди. Шу куни пенсияга чиқаётган бир гуруҳ устозларни таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси Мирзамаҳмуд Тўхтабоев табриклаб, совғалар тақдим этди. Мактабнинг ижодкор ўқитувчиси Раънохон Асқарова ўзи ёзган китоблардан меҳмонларга совға қилди. Ўқувчиларнинг бадиий дастури барчага хуш кайфият бағишлади.
Рамзий лента қирқилиб, тадбир иштирокчилари замонавий ўқув хоналари, ошхона, яратилган шарт-шароитлар, спорт тўгараклари фаолияти билан танишдилар.
Муҳаммад АЛИ.

