63 КИШИГА ЙЎЛЛАНМА

Туманимизда жазони ўташ муассасаларидан қайтган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яқинда шу мақсадда туман ички ишлар бўлимида туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, туман ДСИ, туман бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида «Меҳнат ярмаркаси» ўтказилди.

-Ушбу «Меҳнат ярмаркаси»да 30 та корхона, ташкилот, муассаса 262 та бўш иш ўрни билан қатнашди, -дейди туман бандликка кўмаклашиш маркази директори ўринбосари Дилмурод Қирғизбоев. -Унда жазони ўташ муассасаларидан қайтган ҳамда туман ИИБ ҳисобида турган фуқаролардан 105 нафари иштирок этиб, улардан 63 нафари иш билан таъминланди. Шунингдек, қолган 42 нафарига  тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит олиш учун тушунчалар берилди.

-Бизларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар учун Юртбошимиз ва туманимиз раҳбарларидан миннатдорман, -дейди Беруний МФЙда яшовчи Дилмурод Асқаров. -Қарши шаҳридаги жазони ўташ муассасасидан қайтганимдан сўнг ишсиз эдим, бугунги «Меҳнат ярмаркаси»да туман «Тоза ҳудуд» ДУКда ишлаш учун йўлланма олдим. Шу ернинг ўзида меҳнат шартномаси тузилди. Мен бундан мамнунман.

-«Меҳнат ярмаркаси»га келиб хато қилмаган эканман, -дейди Янгичек МФЙда яшовчи Ҳусанбой Муталов. -Туман ободонлаштириш бошқармасига яшил йўлак ишчиси вазифасига ишга қабул қилиндим.

«Уйчинома» мухбири.