ЗИЁРАТГОҲГА АЙЛАНАДИ
Юртимизда мустақилликни мустаҳкамлаш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш, сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда кишилар тафаккурида туб ўзгариш, миллий ғоя, миллий мафкуранинг шаклланиш жараёни кечмоқда.
Бундай даврда жамиятга, ҳар бир кишига мустаҳкам таянч зарур. Миллий ғоя шундай таянч бўлиши мумкин, ислоҳотлар йўлидан муваффақиятли боришимизда миллатни бирлаштириши ва жипслаштириши мумкин.
Миллий истиқлол мафкурасининг пойдевори бўлган тарихий меросимизни ўрганиш эса жамият маънавиятини юксалтиришнинг асосий шартларидан биридир.
Наманган вилояти ўзининг тарихий объектлари, қадимий ёдгорликлари билан машҳур. Айни кунларда вилоятимизда тарихий меросимизни ўрганишга доир қизғин ишлар олиб борилмоқда. Зеро, ана шу меросни ўрганиш, уни авайлаб-асраш ва келажак авлодларга бенуқсон етказиш бизнинг шарафли ва масъулиятли бурчимиздир.
Вилоятимизда жами 250 дан ортиқ маданий мерос объекти мавжуд. Улар мутахассислардан иборат махсус илмий гуруҳ (экспедиция) ташкил қилиб, ҳар томонлама чуқур ўрганишни тақозо қилади. Аслида инсон қўли билан ёки табиат мўъжизаси орқали яратилган бу ёдгорликлар ўзига хос сир-асрорларга эга, ноёб, лекин кам ўрганилган моддий меросимизнинг бир бўлагидир.
Шунингдек, айрим ёдгорликлар қаровсиз ҳолатда қолганлиги, бузиб юборилгани аянчли ҳол бўлиб, миллий қадриятларимизга бўлган ҳурматсизликни, беписандликни билдиради. Яна шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, айрим обидаларни нопок кимсалар томонидан бузмоқчи бўлинганда, нохуш ҳолатлар, фалокатлар содир бўлган. Аён бўладики, сир-синоатларга эга бўлган айрим мўъжизавий, муқаддас ёдгорликлар ўзларини ҳимоя қилиш куч-қудратига эгадир.
Ана шундай ёдгорликлардан бири бизнинг Бояғон МФЙда жойлашган «Бояғон азиз қабристони» бўлиб, у ўзининг узоқ тарихига эга.
Сомонийлар ҳукмронлиги даврида, 940 йилда, Қошғар халифаси Фарғона водийсига бостириб келиб, аҳолига зулм ўтказа бошлайди. Шунда душманга қарши курашиш учун Бой Ёғон исмли саркарда ҳамда халқ орасида Бежирим ота деб улуғланган зот биргаликда халқни уюштириб, ўз юртларини босқинчилардан озод қилишади. Улар вафот этгач, ҳозирги Гулбоғ МФЙ «Гулистон» кўчасидаги қадимий қабристонга дафн этилади. Бироз вақт ўтгач, саркарда Бой Ёғоннинг қабри Бояғон маҳалласига кўчириб ўтказилган (сабаби номаълум). Халқ орасида бу икки зот ҳақида турли ривоятлар хотирланади. Ёши улуғларнинг айтишича, Бежирим ота шу ҳудуддаги уч ака-ука авлиёларнинг бири бўлган. Бой Ёғон бобо эса бўйлари узун, бўйинлари йўғон, алпқомат, гавдали киши бўлган, бу маълумотнинг тўғри эканлигини у кишининг қабрларидан ҳам билиб олиш мумкин (қабр ҳажми 3,4х2,4м). Бояғон маҳалласи номи ҳам мана шу саркарда исмидан келиб чиққан.
Бояғон қабристони (зиёратгоҳи) сир-синоатларга бой. Бу ерда Яккатут МФЙда жойлашган минг йиллик тарихга эга бўлган тутдан ҳам қадимийроқ тут дарахти мавжуд. Бу тут халқ орасида машҳур бўлиб, маҳалла кексаларининг айтишларича, узоқ-яқиндан кўплаб зиёратчилар келишади.
Ҳозирда Бояғон қабристони турли байрамлар, умумхалқ ҳашари чоғида обод этиб келинмоқда. Шунингдек, маҳалла фаоллари машҳур Бой Ёғон қабри устига мақбара барпо қилиш, мазкур ҳудудда музей ташкиллаш, эзгулик йўғрилган тут дарахти атрофларини обод этиб, халқимиз ташриф буюрадиган гавжум зиёратгоҳга айлантириш устида иш олиб бормоқдалар.
Маҳаммадали КАРИМОВ,
маҳалла фаоли.

