КЕЛАЖАГИМИЗ ЭГАЛАРИГА ЭЪТИБОР

Келажаги буюк давлатимизнинг эртанги кунини яратувчи болажонларнинг ҳар томонлама соғлом ривожланиши учун чексиз, самарали, улкан ишлар олиб борилмоқда. Мактабгача таълим соҳасидаги кўплаб қарор, буйруқларнинг амалдаги ижроси мактабгача таълим муассасаларидаги болажонларнинг соғлом ривожланиши учун берилаётган эътиборнинг натижасидир.

Соғлом овқатланиш инсоннинг ўсиши, меъёрий ривожланиши ва ҳаёт фаолиятини, унинг саломатлигини мустаҳкамлашга ҳамда касалликларнинг олдини олишга имконият беради. Болажонларга мактабгача таълим муассасаларида бир хилда овқат тайёрланмоқда. Таомномаларга гўшт, балиқ, тухум, йирик тортилган ун маҳсулотлари ва нон, таркибида қанд миқдори меъёрда бўлган ширинликлар, ёғи кам бўлган сут ва сут маҳсулотлари (творог, йогурт, пишлоқ, қатиқ), ёрмалар, дуккакли дон маҳсулотлари ва мевалар етарли даражада киритилган. Бу озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида бола организми учун зарур бўлган етарли тўйинтирадиган оқсиллар, энергиянинг асосий манбаи  углеводлар, соғлом ва инфекцияларга чидамли ўсиши учун витаминлар, суяклар мустаҳкам шаклланиши учун минерал тузлар мавжуддир. Бугунги кунда мактабгача таълим муассасаларига таомнома бўйича йигирма тўрт хилдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулоти етказиб берилмоқда.

Буюк донишмандларимиздан бири Аҳмад Дониш: «Агар ҳар киши овқатланиш қоидаларига амал қилса, 120 йил яшайди», -деган эди. Болажонларимизнинг тўғри овқатланиши учун  барчамиз масъулмиз.

Наима ИМОМОВА,

туман МТБ услубчиси.